Парижга кучли довул ёпирилди. Қурбонлар бор (видео)

Олам

image

Кеча, 25 июнь куни Франция пойтахти Парижга ёпирилган кучли довуллар оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Le Parisien” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, Франциянинг кўплаб ҳудудларида ҳаво ҳарорати бир ҳафта давомида +30 даражадан юқори бўлиб турган, ундан сўнг кучли момақалдироқ ва шамол (120  километр /соатгача) бошланган. Кеча, 25 июнь куни мамлакат миллий метеорология хизмати 57 та департамент бўйича хавфли об-ҳаво шароити тўғрисида огоҳлантириш берган.

Маҳаллий вақт билан кеч соат 9 да Парижни 15 дақиқа давомида қуюқ туман қоплаб олган. Кучли ёмғир ва шамол кўриш масофасини 50 метрга тушириб юборган. Атиги 20 дақиқада пойтахтдаги ҳаво ҳарорати 11 даражага пасайган. 100 километр/соатдан ортиқ тезликдаги шамол ўнлаб дарахтларни илдизи билан суғуриб олган. Кечаси қутқарувчилар йўлларни тўсиб қолган дарахтларни тозалаш билан шуғулланган.

Парижда табиий офат оқибатида 100 мингдан ортиқ хонадон вақтинча электр таъминотисиз қолган. Кучли ёмғир метро станцияларини сув босишига олиб келган, бу эса ерости поездлар ҳаракатида муаммоларга сабаб бўлган. Шунингдек, кучли сел Париждаги бир нечта автомобиль йўлларини ҳам сув остида қолдирган.

Ҳалок бўлганлардан бири шимоли-ғарбий Франциядаги Майенн шаҳрида дарахт қулаб тушиши оқибатида вафот этган 12 ёшли бола, иккинчиси эса Тарн ва Гаронна департаментида дарахтга урилган квадроцикл ҳайдовчиси – 50 ёшли эркак.

“Le Figaro” нашрининг “Météo-France” агентлигига таяниб ёзишича, маҳаллий вақт билан кечки соат 10 ларда довул тўлиқ тинган. Шундан сўнг у пойтахтдан Франциянинг марказий ҳудудлари томон силжиган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг жануби-ғарбий қисмида кучли сув тошқинлари оқибатида 80 мингдан ортиқ киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган эди. Оммавий эвакуация Гуйчжоу провинциясининг икки туманида бошланган. У ерда тинимсиз ёғаётган ёмғирлар ва юқори оқимлардан келаётган сувлар тошқинларга сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Париж довул

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг