Парижда Жерар Депардье устидан суд жараёни бошланди
Олам
−
28 Октябрь
4649Парижда жинсий зўравонликда айбланган француз актёри Жерар Депардье устидан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда бугун, 28 октябрь куни 75 ёшли актёрнинг адвокати Жереми Ассуга таяниб, “France Info” радиоси хабар берди.
Адвокатга кўра, бугун бўлиб ўтадиган биринчи суд мажлиси бошланишига бир неча соат қолганида унинг мижози соғлиғи сабабли унда иштирок эта олмаслигини айтган.
“Жерар Депардье жуда хафа ва афсуски шифокорлар унга суд мажлисида қатнашишни тақиқлашди”, деди у радиода.
Адвокатнинг қўшимча қилишича, айбланувчи суд мажлисида қатнашиш ва нутқ сўзлаш имкониятига эга бўлиш учун уни кейинга қолдиришни сўраган.
Суд 2021 йилда суратга олиш пайтида жинсий зўравонлик ҳолатлари бўйича иккита ишни кўриб чиқади. Икки аёл Депардьени “Яшил панжурлар” фильмини суратга олиш вақтида уларга ноўрин тегинишда айблади. Актёр 5 йилгача қамоқ ва 75 минг еврогача жаримага тортилиши мумкин. Депардье ҳар қандай қонунбузарликни рад этади.
Жерар Депардье бир неча бор жинсий зўравонликда айбланган. 2023 йил апрель ойида 13 нафар аёл – актрисалар ва гримёрлар актёрнинг номақбул хатти-ҳаракатлари ҳақида бирданига хабар берди. Кейинроқ испан журналисти Рут Баса таъқиблар ҳақида хабар бериб, у 1995 йилда “Cinemanía” журнали учун интервью берганида Депардьенинг зўравонлигига дуч келганини айтди.
Бунга жавобан Депардье билан бир неча бор роль ижро этган актёр Пьер Ришар, Франциянинг собиқ биринчи хоними, модель ва қўшиқчи Карла Бруни ҳамда француз маданиятининг яна 48 нафар вакиллари актёрни қўллаб-қувватлади. “Le Figaro” томонидан декабрь ойида чоп этилган жамоавий мактубда Депардье барча даврларнинг энг буюк актёри ва “кинонинг муқаддас гигантлари”нинг сўнггиси сифатида тилга олинган.