Париж ва Лондон Украина учун хавфсизлик режасини тайёрламоқда
Олам
−
13 Март 2025 2237 3 дақиқа
Британия ва Франция Украина армияси сонини сезиларли даражада қисқартириш ҳақидаги Москва талаблари фонида Киев хавфсизлигини кафолатлаш режасини ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 12 март куни “Bloomberg” агентлиги хабар берди.
Шу куни Парижда Европанинг бешта асосий ҳарбий кучлари: Франция, Буюк Британия, Германия, Италия ва Польша Мудофаа вазирлари ўртасида Украинани қўллаб-қувватлашни мувофиқлаштириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
“Украина хавфсизлигининг биринчи кафолати Украина армиясининг ўзи, унинг имкониятлари, қуроллари, тайёргарлиги эканлиги ҳақида кенг фикр мавжуд. Узоқ муддатли хавфсизлик кафолатлари биз Украинага тақдим эта оладиган имкониятларга боғлиқ”, деди Франция Мудофаа вазири Себастян Лекорню Париждаги матбуот анжуманида маълум қилди.
У Европа космик технологияларни тезроқ ривожлантириши ва Starlink'га боғлиқлигини камайтириши кераклиги ҳақида огоҳлантирди.
“Bloomberg”нинг ёзишича, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ва Франция Президенти Эммануэль Макрон 37 давлат ўртасида Украина масаласини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича “хоҳловчилар коалициясини” яратиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
“Унда Европа, Ҳамдўстлик ва Осиё давлатлари Украинани Россиянинг кейинги тажовузкорлиги эҳтимолидан ҳимоя қилиш учун маблағ, қўшин, самолёт ёки денгиз кемалари билан таъминлашини кўзда тутади”, деб ёзади ахборот агентлиги.
Кеча, 12 март куни НАТОга аъзо бўлмаган давлатлар, жумладан Австралия, Япония ва Янги Зеландия вакиллари Парижда Европанинг ўнлаб давлатлари, шунингдек, Канада ҳарбий бошлиқлари билан музокараларга қўшилди.
Британия расмийлари Ғарб ОАВларига улар бирлаштирмоқчи бўлган таклиф этилаётган “ишонч кучлари” Украина учун муҳим хавфсизлик кафолати эканини айтди. Уларнинг фикрича, Россиянинг НАТОга аъзо давлатларнинг бундай жараёнга тўсқинлик қилишга бўлган ҳар қандай уриниши мустаҳкам тинчлик истиқболларини издан чиқаришга атайлаб қилинган уриниш бўлади.
“Bloomberg”нинг ёзишича, ҳар бир давлатдан коалицияга нима ёрдам беришга тайёрлиги сўралган ва Украинага қўшин юборишни рад этганлардан қўшни Европа мамлакатларига қуруқликдаги қўшинларни жойлаштиришга тайёрми ёки йўқлиги ва бошқа қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги, жумладан, кемалар, самолётлар, танклар юбориш ва разведка маълумотларини тақдим этиш сўралган.
Европа мудофаа расмийларининг фикрича, Европа қўшинларининг Украинага киритилиши барқарор ва мустаҳкам тинчлик ечимининг ажралмас қисмидир. Бироқ Россия Украинада НАТО тинчликпарвар кучларининг киритилишига рози бўлмаслигини очиқ айтди.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров НАТО қўшинларининг Украина ҳудудида ҳар қандай мақомда бўлиши Россия учун хавф туғдиришини айтди.
Франция ва Британия ҳарбий раҳбарлари яқин кунларда Стармер ва Макронга тинчликпарвар кучларнинг батафсил имкониятларини тақдим этади ва бугун кечроқ виртуал учрашувда бошқа раҳбарлар билан муҳокама қилади. Шундан сўнг режа АҚШ Президенти Дональд Трампга кўрсатилади. Лондон ва Париж Вашингтонни Америка қўшинларини Украинага юбормасдан ҳаво кучлари, разведка ва чегара назорати шаклида хавфсизлик кафолатларини беришга кўндирмоқчи.
Агентликнинг таъкидлашича, Украинанинг 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишуви тинчликпарвар кучлар режаларини ишлаб чиқиш билан бирга Россияга ён бериш учун босимни оширган.
“Бироқ Россия тинч йўл билан келишувни рад этиши ва ўт очишни тўхтатиш давридан Украинага янги ҳужумлар уюштириш ва қайта қуроллантириш учун фойдаланиши ҳақида жиддий хавотирлар бор”, деб ёзади “Bloomberg”.
Live
Барчаси