“Парашок”дан “қази”гача. Болалар телевизорда нима кўряпти?
Таҳлил
−
13:55
3510“Мазза қилиб реклама кўриб ўтирсанг, орасига кино қўйиб юборишадими-е. Реклама керак-ку, бизга кинонинг нима кераги бор?” қизиқчи Ҳожибой Тожибоев бир неча йиллар олдин айтган сўзлари ҳозир ҳам долзарб. Сабаби, ҳануз ўзбек телеканалларида “боши-кети кўринмайдиган”, оилавий телевизор томоша қилганда одамни хижолатга қўядиган рекламалар эфирга узатиляпти. “Реклама телеканал даромад манбаи-да, унинг кўплиги ҳам табиий”, дейишга шошилманг. Тўғри, катталар кўрадиган каналлардаги рекламалар учун бу оддий ҳолдир. Аммо болалар телеканалида-чи, маблағ сабаб исталган нарсани реклама қилиш қанчалик тўғри? Тўғрилигини ҳам қўйинг мумкинми ўзи? QALAMPIR.UZ ҳолат бўйича изланишлар олиб борди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Ўзбекистонда болалар учун мўлжалланган 2 та телеканал мавжуд. Булар “Bolajon” ва “Aqlvoy”.
“Bolajon” телеканали 2013 йил 1 июндан эътиборан ўз иш фаолиятини бошлаган. Канал 3-10 ёшдаги болалар учун қизиқарли ва зарур бўлган, улар онгини шакллантириш, дунёқарашини кенгайтириш, билими ва маънавиятини бойитишга хизмат қилади.
“Aqlvoy” телеканали 2021 йил 22 мартда илк эфирини бошлаган. “Бу сенинг вақтинг” сўзини шиор қилиб олган ушбу телеканал ҳам 3 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар аудиторияси учун мўлжалланган.
“Bolajon”ми ё “онажон”?
Интернатдаги “бўлар-бўлмас” контентлардан боласини ҳимоялаш мақсадида фарзандига болаларга мўлжалланган давлат телеканалларини кўрсатаётган оналар орамизда талайгина. Ушбу телеканалларнинг дастурлари савия жиҳатидан, балки белгиланган талабларга жавоб берар, аммо, улардаги рекламалар кузатилганда, бу каналларнинг болалар учун фаолият юритаётганига шубҳаланиб қолади киши. Сабаби эфирга узатилаётган деярли ҳамма маҳсулот ёки хизмат туридан болалар эмас, оналар фойдаланади.
Биз буни “маркетинговый ход” деймиз. Кир ювиш машинасининг яқинига ҳам бормайдиган болаларга улар кўрадиган каналда кир ювиш кукунларию гелларини тинимсиз равишда, қайта ва қайта эфирга узатиб, таърифию таснифини чуқур тушунтириш нечоғлик тўғри?
Бу саволга сиз ҳам изоҳ ёзиб кетишингиз мумкин, биз боласи ана шу рекламаларни кўраётган ота-оналарга юзланамиз.
“Болалар телеканалларига “парашок” рекламалари умуман керак эмас. Шундоқ ҳам реклама тўлиб ётибди телевизорда. 45 дақиқали кўрсатув кўраман десангиз, 10 дақиқа реклама бўлади. Ўзим 30 йиллик тарбиячиман. Педагогик тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, болалар телеканалларида болаларнинг ёшига мос маҳсулот рекламалари берилиши керак”, дейди педагог Шаҳноза Умарова.
Қандай рангдаги кирга қайси кукун яхши эканини болалигидан билиб олаётган гўдаклар касал бўлганда қайси дорини ичиш кераклигини ҳам айнан ойнайи жаҳондан ўрганяпти.
Баъзида болалар эфирга кетаётган рекламаларни кўриб, “Ўзбекистонда фақат касал одамлар яшайди” деган фикрга келиб қолмасмикан дея қўрқади одам. Сабаби эфирга кетаётган ҳар икки рекламанинг бирида касал одамлар-у уларга шифо бераётган дори рекламасига кўзингиз тушади. Уларни кўраётган ёш томошабин гўёки ўзини дорихонада сайр қилаётгандай ҳис қилади.
“Телеканалларда керак-керакмас рекламалар кўп, болалар мультфильм кўраётганда реклама қўйиб юборишади. Бу болаларни чалғитади. Биламиз реклама каналга даромад келтиради. Лекин бўлар-бўлмасларини камайтириш керак”, дейди оналардан бири.
Болалар телеканалидаги баъзи рекламаларни томоша қиларканмиз, телеканал ижодкорлари фақат ёш болаларни эмас, балки, она қорнидаги ва янги туғилган чақалоқларни ҳам унутмаганини кўришимиз мумкин. Масалан, реклама эфири вақтида йўқ деганда 2-3 бор намойиш этилаётган ҳомиладорлар истеъмоли учун мўлжалланган дори препарати ёки она сути ўрнини босувчи маҳсулотдан табиийки ёш болалар эмас, ҳомиладор ва эмизикли фарзанди бор оналар фойдаланишади.
Болалар телеканалидаги “колбаса” рекламаларини тўғри тушуниш мумкиндир, чунки болалар бу каби маҳсулотларни яхши кўриб истеъмол қилишади(аслида бу маҳсулотни истеъмол қилиш ҳам соғлом турмуш тарзига зид), лекин болаларга мўлжалланган рекламалар орасида “қази” гўшт маҳсулотининг борлиги бирмунча кулгили ҳолат.
“Менинг фикрим салбий. Болаларга дори воситалари ёки “қази” каби маҳсулотларнинг қизиғи йўқ. Болаларнинг фикрини бузади бундай маҳсулотлар, болам реклама кўришни яхши кўради, лекин кўрсатмайман. Болалар каналларида рекламалар нотўғри қўйиляпти. Болами? Боланинг ақлини ривожлантирадиган реклама қўйиш керак. Телевизор кўриб бўлмайдиган замон бўлиб қолди”, дейди 3 ёшли боланинг онаси Лобар Рихсибоева.
Болалар гўшт маҳсулотини ҳам истеъмол қилар, лекин аниқ айтиш мумкинки, улар сочларини бўяшмайди. Ҳа, тўғри тушундингиз, болалар учун мўлжалланган “Aqlvoy” каналида болаларга умуман керак бўлмаган ақлингизни шоширадиган аёллар учун мўлжалланган соч бўёқлари рекламаси эфирга узатилади.
“Болам “Aqlvoy” ва “Bolajon” каналларини кўради. Унда эфирга узатиладиган рекламаларга менинг ҳам кўзим тушган. Тўғрироғи, фарзандим нима томоша қилаётганини назорат қилиб бораман. Канал болаларга умуман алоқаси бўлмаган рекламаларни қўяди. Энг кулгилиси, мультфильм ва кўрсатувлар орасида аёллар учун мўлжалланган соч бўёқлари рекламаси ҳам эфирга кетади. Менимча, рекламаларни тартибга солиш вақти келди”, дейди оналардан бири.
Реклама нархлари
Юқорида айтганимиздек, кўпчилик телеканаллар ўзини-ўзи “боқади”. Реклама улар учун даромад манбайи ва рекламалар арзон ҳам турмайди. 2023 йилдаги маълумотларга таянадиган бўлсак, бугунги кунда болалар телеканалларидаги рекламалар нархи қуйидагича:
- “Bolajon” телеканалида бир кунда фильмлар, сериаллар, информацион-кўнгилочар дастурлар, ток-шоу ва бошқа телекўрсатувлар орасида тунги 00:00 дан 17:59 гача бўлган оралиқда эфирга кетадиган 10 секундли реклама нархи: 650 000 сўм;
- 18:00 дан 23:59 гача бўлган вақт оралиғида эса 10 секундли реклама нархи: 2 600 000 сўм.
- Телеконтент анонсларида эфирга бериладиган 10 секундли реклама нархи тунги 00:00 дан 17:59 гача вақт оралиғида 150 000 сўм;
- 18:00 дан 23:59 гача бўлган вақт оралиғида эса, 400 000 сўмни ташкил этади.
Бир ой муддатда Теледастурлар анонслари блоки “заставкаси”да, тунги 00:00 дан 17:59 гача вақт оралиғида эфирга узатиладиган реклама нархи 120 000 000 сўмни ташкил этади.
“Bolajon” телеканалида Офф прайм-тайм вақтида, яъни 07:00 дан 17:59 гача вақт оралиғидаги 1 дақиқалик реклама нархи 5 750 000 сўмни ташкил этади.
Прайм-тайм, яъни 18:00 ва 23:59 оралиғидаги 1 дақиқалик реклама нархи эса 10 000 000 сўмни ташкил қилади.
Рекламалар вақти қанча?
Болалар учун мўлжалланган каналларда рекламалар у қадар кўп эмас, деяётганлар ҳам бордир орангизда. Энди шуни кўриб чиқамиз.
2024 йил 23 октябрда “Bolajon” теледастурлари рўйхатида 11:10 дан 12:00 гача бўлган вақт оралиғида “мультипанорама” эфирга узатилиши ёзилган. Шу 50 дақиқанинг 3 дақиқасида 2 бора электрон харид хизмат тури, витаминлар ва она сути ўрнини босувчи маҳсулотлар, 4 бора 3 турдаги дори воситалари, бир мартадан “колбаса” гўшт маҳсулоти ва кир ювиш машинаси рекламалари эфирга узатилди.
2024 йил 30 октябрда “Aqlvoy” теледастурлари рўйхатида 9:40 да бошланиши керак бўлган “Sehrli oshxona” мультфильми 9:46 да бошланди. Сабаби 9:42 дан 9:46 гача телеканал экранларида 11 бора 6 турдаги дори препарати, 2 бора кир ювиш кукуни, 1 мартадан “колбаса” гўшт маҳсулоти ва соч бўёғи рекламалари эфирга узатилди.
2024 йил 30 октябрда “Bolajon” теледастурлари рўйхатида 10:20 да “мультипанорама” эфирга узатилиши белгилаб қўйилган. Аммо у 10:25 да бошланди. Чунки 10:21 дан 10:25 гача телеканалда 13 бора 5 турдаги дори воситаси, 1 мартадан электрон харид хизмат тури, она сути ўрнини босувчи маҳсулот рекламалари эфирга узатилди.
“Амалдаги” қонун
Орангизда болажон ё бошқа каналлар ҳам ўзидан-ўзи реклама бермаётгандир, рухсати бордир, деяётганлар ҳам бор, келинг, энди реклама қонунчилигига юзланамиз.
Реклама тўғрисидаги қонун илк бор 1998 йил 25 декабрда 723-сон билан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан тасдиқланган. Қонун 2022 йил 7 июнда 776-сон билан Ўзбекистон Республикаси амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан янгиланган.
Реклама тўғрисидаги қонуннинг 4-боб 17-модда (Вояга етмаганларни рекламада ҳимоя қилиш)сида шундай дейилади:
“Вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни вояга етмаганлар учун мўлжалланган телеканалларда, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш тақиқланади”.
Аммо болалар учун мўлжалланган телеканалларда болалар истеъмол қилиши тақиқланган дори воситалари эфирга узатилмоқда.
Бундан ташқари, болалар фойдаланганда соғлигига зарар етказувчи, соч учун мўлжалланган бўёқ рекламалари ҳам болалар телеканаллари экранини “безаб” турибди.
Ушбу қонуннинг 7-боб 36-моддасида эса “она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланади” деб белгилаб қўйилган. Лекин ҳозирда болалар телеканалларида очиқ-ойдин она сути ўрнини босувчи маҳсулот “маромига етказилиб” реклама қилинмоқда.
Реклама тўғрисидаги қонуннинг 8-боб 47-моддасида:
“Вояга етмаганлар учун мўлжалланган рекламага, дори воситалари, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари, шунингдек болалар озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига доир талабларни бузганлик – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади” дея қайд этилган.
Бундан ташқари, 51-моддада “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин” деб белгилаб қўйилган.
18 ёшдан катталар ичадиган дорилар, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар ва умуман қонун билан тақиқланган бошқа воситаларни реклама қилган каналлар бугунгача жавобгарликка тортилганми йўқми билмадик-ку, лекин каналларда бу каби рекламалар эфирга узатиляпти.
Хуллас, реклама бозорини тартибга солиш, нимани қаерда эфирга узатилиши ёки мумкин эмаслигини назорат қилиш вақти аллақачон келди, ўтиб ҳам бормоқда. Ҳар бир соҳани тартибга солиш бўйича бир нечта ҳужжатлар имзолангани билан унинг амалда ишламаслиги эса доимий муаммолигича қолмоқда. Аслида рекламаларнинг сифати, дақиқаси ва умуман ўша маҳсулотнинг маълум бир каналда эфирга узатилиши мумкин ёки мумкинмаслигини нафақат болалар каналларида, балки бошқа каналларда ҳам назорат қилиш жуда муҳим.
Юқорида тилга олганимиз рекламаларнинг “Aqlvoy” ва “Bolajon” телеканалларида эфирга узатилиши қонунга қанчалик зидлиги масаласини тегишли ташкилотлар ўрганишига умид қиламиз.
Ирода Мирвоҳидова
LiveБарчаси