Зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери берилади
Жамият
−
16 Ноябрь
1277Ўзбекистонда зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилмоқда. бу ҳақда 14 ноябрь куни қабул қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.
Қонунга кўра, қуйидагилар болаларга нисбатан зўравонликнинг шаклларидир:
- жисмоний зўравонлик;
- жинсий зўравонлик;
- руҳий зўравонлик;
- ғамхўрлик кўрсатмаслик;
- эксплуатация қилиш;
- таъқиб этиш (буллинг).
Болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шакллари тақиқланади ҳамда қонун билан таъқиб қилинади.
Давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун тегишли ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўради.
Қонунга мувофиқ:
- зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари белгиланмоқда;
- болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича якка тартибдаги чора-тадбирлар белгиланиб, жумладан, зўравонликдан жабрланганларга ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилмоқда.
Шунга кўра, ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан берилади ва зўравонликдан жабрланувчига ёки унинг қонуний вакилига ваколатли давлат органи иштирокида топширилади.
Ҳимоя ордери 30 кун муддатгача берилади ва расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.
Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Агентлик ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ва чора-тадбирлари тўғрисида ахборот олинишини, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолларининг олди олинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган ишонч телефони ишлашини таъминлайди. Ишонч телефони орқали олинган ахборотни ошкор этишга йўл қўйилмайди.
Билдирилишича, қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
Маълумот учун, мазкур қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни Президент томонидан имзоланган 978-сонли қонун билан Ўзбекистонда болаларга нисбатан унинг яқин қариндошлари томонидан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланганди. Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси ва Жиноят кодексининг 126-1-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш нормаси билан тўлдирилди.
LiveБарчаси