Панжшерни “тиз чўктириш”да хориж қўшинлари ҳам қатнашди – Масъуд қўзғолондан дарак берди

Олам

image

Аввалроқ, “Толибон” вакили Забуҳулло Мужоҳид бўйсунмаётган Панжшер вилояти тўлиқ ҳаракат назорати остига ўтгани ҳамда Афғонистонда уруш бутунлай якунланганини эълон қилганди.

Шундан сўнг, Афғонистон шимолида жойлашган Панжшер вилоятидаги Миллий қаршилик фронти лидери Аҳмад Масъуд ўзининг Facebook саҳифасида муҳим мурожаат билан чиқди.

Биринчи навбатда, у мамлакатнинг барча аҳолисини “Толибон”га қаршилик кўрсатишга чақирган.

“Бутун Афғонистон халқини, мамлакатнинг барча бурчакларидаги биродар-у опа-сингилларимизни золимларга қаршилик кўрсатишга чақираман. Бизнинг курашимиз тугамади, “Толибон”га қарши жанглар давом этмоқда”, дея Масъуд айни вақтда “эркинлик, дин ва мустақиллик” номи ила умуммиллий қўзғалон кетаётганини қўшимча қилган.

Иккинчи навбатда, Аҳмад Масъуд Панжшерни эгаллашда “Толибон”га чет эл қўшинлари ёрдам берганини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, толибларнинг Панжшерга қилган ҳужуми ушбу жараёнда “хорижий кучлар вакиллари ҳам афғон халқига қарши курашаётганини яна бир бор аниқ кўрсатган”. Шу муносабат билан, у ўз мурожаатида халқаро ҳамжамиятни толиблар ва унга ёрдам бераётганларнинг ҳаракатларини қоралашга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, Панжшер лидери аввал ҳам Афғонистон халқига мурожаат билан чиққан. Ўшанда Аҳмад Масъуд “Биз Аллоҳ, эркинлик ва адолат учун курашишдан ҳеч қачон воз кечмаймиз”, дея барчани бардам бўлишга чақирганди.

Қайд этиш керакки, ОАВда “Толибон” Афғонистондаги энг йирик ҳарбий база — Баграмни Хитойга, бундан ташқари Қандаҳордаги аэродромни эса Покистонга бериши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Толиблар ушбу икки давлат билан ҳам жуда яқин алоқада. 

Шу ўринда, АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистонни тарк этганига қадар, чет эл қўшинларига қарши курашиш, уларни мамлакатдан чиқариб юбориш “Толибон” ҳаракатининг асосий мақасади бўлганини эслаб ўтиш керак. Зеро, уларнинг бугунги сиёсати аввалги гап-сўзларига унчалик ҳам тўғри келмаяпти.

Афғонистондаги вазият

АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бунга қадар Европанинг бошқа давлатлари, жумладан Британия ва Германия ҳам мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузулганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1075

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг