Аҳмад Масъуд афғон халқига мурожаат билан чиқди

Олам 37847
image

Афғонистон миллий қаршилик фронти етакчиси Аҳмад Масъуд ўзининг Facebook саҳифасида толибларга таслим бўлмаслигини, фронт кучлари эркинлик ва озодлик учун курашаётганлиги, аёллар жасорат кўрсатиб йиғлаётгани ва халқ ўз талабларидан воз кечмаганлиги ҳақида пост қолдирди.

“Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан 

Биз Аллоҳ, эркинлик ва адолат учун курашишдан ҳеч қачон воз кечмаймиз. Хоҳ бугунга қадар енгилмай келаётган Панжшердаги, хоҳ бизнинг ҳурматли, опа-сингилларимиз ҳақиқат учун жасорат билан йиғлаётган Ҳиротдаги кураш халқ ўз талабларидан воз кечмаганини, улар учун курашишдан чарчамаганини ва таҳдидлардан қўрқмаслигини кўрсатмоқда.

Мағлубият фақатгина чарчоқ сабаб ўз талабларингиздан воз кечганда келади.

Халқ Яратганга таянишдан чарчамайди ҳамда обод, эркин ва мустақил Афғонистон қуриш сари олға интилади”, деган Аҳмад Масъуд.

У шунингдек, имкон қадар тез орада вазият бўйича шахсан маълумот беришини қўшимча қилган.

Маълумот ўрнида, “Толибон” расмийлари ва Миллий қаршилик фронти делегацияси ўртасидаги муваффақиятсиз музокаралардан сўнг, ҳаракат шу ҳафта бошида Панжшерга ҳужум уюштирди.

Аввалроқ, ОАВда “Толибон” Панжшер вилоятини эгаллагани ҳақида хабар тарқалди. Бироқ, Афғонистон миллий қаршилик фронти бу маълумотни рад этди.

Ҳозирда Панжшер вилояти учун ашаддий жанглар кетаётгани айтилмоқда. Хусусан, толиблар вилоятининг муҳим аҳамиятга эга Парьян туманини эгаллагани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Панжшердаги қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Шоҳ Масъуд толиблар билан музокара ўтказишда Россиядан ёрдам сўраганди. У “Толибон” билан музокараларда фақатгина Москва воситачи бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1576
Рейтинг: 2.9
t
×