Панжшер қуладими? Афғонистоннинг собиқ вице-президенти Солиҳ Тожикистонга қочгани айтилмоқда

Олам

image

Турли хил оммавий ахборот воситаларида Афғонистон собиқ вице-президенти Амруллоҳ Солиҳ “Толибон”га бўйсунмаётган Панжшер вилоятидан Тожикистонга қочиб кетгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Хусусан, TACC нашрининг манбаси Панжшерда вазият анча оғир эканлиги ва собиқ вице-президент Амруллоҳ Солиҳ кеча, 3 сентябрь куни Панжшерни тарк этиб, Тожикистонга қочиб кетганини айтган.

Қайд этилишича, Амруллoҳ Солиҳ Тожикистонга кетишидан олдин ўзининг Twitterʼдаги саҳифасида халқаро ҳамжамиятдан Панжшердаги ҳолатга эътибор беришини сўраб, “Толибон” ҳаракатини минтақада электр ва телефон алоқаларини узишда, шунингдек, одамларни тиббий ва гуманитар ёрдамдан маҳрум қилишда айблаган. 

Орадан бироз ўтиб, Амруллoҳ Солиҳ видеомурожаат билан чиқиб, у қочмагани ва ҳамон Панжшерда эканлигини таъкидлади.

“Мен мамлакатни тарк этганим ва Афғонистон ташқарисида эканлигим ҳақидаги хабарлар душманларнинг тарғиботидир. Мен Панжшердаман”, деган у ўзининг видеомурожаатида. 

Маълумот ўрнида, “Толибон” расмийлари ва Миллий қаршилик фронти делегацияси ўртасидаги муваффақиятсиз музокаралардан сўнг, ҳаракат шу ҳафта бошида Панжшерга ҳужум уюштирди.

Аввалроқ, ОАВда “Толибон” Панжшер вилоятини эгаллагани ҳақида хабар тарқалди. Бироқ, Афғонистон миллий қаршилик фронти бу маълумотни рад этди.

Ҳозирда Панжшер вилояти учун ашаддий жанглар кетаётгани айтилмоқда. Хусусан, толиблар вилоятининг муҳим аҳамиятга эга Парьян туманини эгаллагани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Панжшердаги қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Шоҳ Масъуд толиблар билан музокара ўтказишда Россиядан ёрдам сўраганди. У “Толибон” билан музокараларда фақатгина Москва воситачи бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

754

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг