“Панелный”даги 15 суткаликлар камералари қай аҳволда? Журналист ташрифи

Жамият

Умр йўлингизнинг бугунига қадар бирор қариндошингиз ёки танишингиз 15 суткага қамалганми? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бу қисқа вақт ичида бир инсон нималарни кўриб улгиради? Қишнинг ушбу қахратон кунларида Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан халқ орасида “панелный” дея аталувчи жойда бўлдик. Маъмурий қамоқ жазосини ўташ муассасасида журналистлар билан биргаликда жазо-камераларига кириб кўрдик. 

ОАВ вакилларига ушбу қабулхонадаги шарт-шароит ва тартибларни муассаса раҳбари Алишер Ҳошимов шахсан таништирди. ИИБ масъул амалдори бу ерга асосан қайси тоифа ҳуқуқбузарлари тушаётгани ҳақида гапириб ўтди.

“Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар, алимент тўламаганлар бор. Уларга суд томонидан маъмурий тартибдаги қамоқ жазоси тайинланади ва шу ерга олиб келинади. Бу ердагилар шахсини тасдиқловчи хужжат ва суд қарори билан олиб келинади. Бизда шахсини тасдиқловчи хужжати йўқлар сақланмайди. 

Аёллар орасида ичкиликбозлик ва бошқа ҳуқуқбузарлик қилганлар мавжуд. Ҳозирда улар 8 киши. 

Бу ерда сақланаётганларга ювиниш ва кир ювиш учун шароит қилиб берганмиз. Хоҳлаган вақтида кир ювиши ва чўмилиши мумкин. Фақат бу ишлар соат 06:00дан 22:00 гача қилиниши лозим. Кечги соат 22:00 дан кейин маҳбуслар дам олади. Кўчага чиқиш учун икки соат берилади. Уйига қўнғироқ қилишни хоҳлашса, телефонда сўзлашувчи махсус хонамиз бор. Кириб бемалол гаплашса бўлади”, дейди майор Ҳошимов. 

Муассаса раҳбари бу махсус муассасада жазога тортилганлар ва уларнинг кун тартиби ҳақида айтиб ўтди. 

“Бизда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиб суткалик қамоқ жазосига тортилганлар бўлади. Улар жиноятчи эмас. Улар билан имкон даражасида профилактика ишлари олиб борилади. Ишларга олиб чиқамиз. Кўпроқ ободонлаштириш ишларида машғул бўлишади. 

Кун тартиби ҳақида айтадиган бўлсак. Эрталаб 06-00да уйқудан туришади. Хоналарни саранжом қилишади ва нонуштага ўтиришади. Кейин ҳаво яхши бўлса, кўчага олиб чиқамиз. Ишга кетадигани ишга кетади. Агар шу ерда бўлишса, тушлик ичкарида бўлади. Кечки овқат соат 18:00да бўлиб, ундан кейин ювиниш, кир ювиш учун рухсат берилади”, дейди мулозим. 

Ички ишлар майори бу жойда қийноқ ва тазйиқлар қилинмаслигини қатъий таъкидлади. Чиқиб кетаётганлар “раҳмат” айтиб чиқиб кетиши ҳақида гапирди.  

Биз ўз пресс-туримиз давомида маъмурий қамоқ жазосини ўтаётганлардан бири билан ҳам суҳбатлашдик. 25 ёшли жазони ўтаётган шахс бу жойдаги иситиш тизимини танқид остига олди.

“Бу ер жудаям совуқ. Камераларда иситиш тизими яхши ишламайди. Ходимларнинг муомаласига келсак, улар жудаям яхши ва ҳушмуомала. Битта ёмон томони шу иситиш тизимида”, дейди у.

Жазони ўтаётган шахс, шунингдек камерада аёллар ўртасида бўлиб турадиган жанжаллар ҳақида ҳам айтиб ўтди. 

“Камерада баъзан аёллар ўртасида жанжаллар бўлиб туради. Муштлашиб кетишмайди-ку, лекин ўзаро тўполон бўлади. Камералар жуда совуқ”, дея ёзғирди жазони ўтаётган шахс. 


Мақола муаллифи

Теглар

ОАВ Алишер Ҳошимов

Баҳолаганлар

245

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг