Ўзбекистонда ОАВ устидан назорат бошқа ташкилотга топширилди
Жамият
−
12 Декабрь 5753 2 дақиқа
Ўзбекистонда алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига риоя қилиш устидан назоратни амалга ошириш Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясига ўтказилди. Бу ҳақда Президентнинг 11 декабрь куни имзоланган “Ахборот ва рақамли технологиялар соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Қарор билан Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги инспекция — Ўзкомназоратга қуйидаги соҳаларда махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди:
- ахборотлаштириш, телекоммуникациялар, почта алоқаси, рақамли технологиялар соҳаларида давлат назоратини амалга ошириш;
- оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш ҳамда улар томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилиш;
- ноширлик ва матбаа фаолияти субъектларининг қонунчилик талабларига риоя қилишини мониторинг ва назорат қилиш;
- болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш.
Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси ОАВда тарқатилиши тақиқланган ёки чекланган ахборотларнинг тарқатилишига қарши курашиш юзасидан чоралар кўради. ОАВ, онлайн платформаларда ижтимоий ахборотнинг тарқатилишида тили, ҳажми, давомийлиги, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифига риоя этилаётгани юзасидан мониторинг ва назорат қилиш чораларини кўради.
Китоб нашр этишда, электрон ва аудиокитоблар яратишда муаллифлик ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш юзасидан чоралар кўради.
Ахборот маҳсулотида болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотнинг бор-йўқлиги, ахборот маҳсулоти болаларнинг муайян тоифасига мувофиқлиги ёки аксинчалиги бўйича мониторингни амалга оширади.
Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда ахлоқ меъёрлари ва қонунчилик талабларига риоя қилинишини мониторинг қилиш, дастурий таъминот ишлаб чиқариш ва тарқатишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш, қонунбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва жарима чораларини қўллаш ҳам унинг вазифалари қаторига киради.
2027 йил 1 январгача қуйидаги имкониятларга эга “Рақамли назорат” платформаси ишга туширилади:
- аҳоли истиқомат қилаётган, жумладан, олис ва чекка ҳудудлардаги рақамли технологиялар ва телекоммуникациялар соҳаларида кўрсатилаётган хизматларни мониторинг қилиш;
- ахборот тизимлари, ресурслари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларида юзага келган узилиш ёки тўхталиш ҳолати бўйича тегишли чоралар кўриш;
- жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар тезкор кўриб чиқилишини ташкил этиш.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь