Пандора ҳисоботи: Алиев махфий бойликларининг 5 фоизини тан олди
Олам
−
13 Октябрь 2021
11359Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бир неча кун аввал эълон қилиниб, кўплаб давлат раҳбарларининг махфий бойликларини фош этган “Пандора ҳужжатлари”даги ўзига алоқадор маълумотларга изоҳ берди.
Президент Алиев ҳисоботни шахсан ўқиб чиқмаганини таъкидлаб, унда ўзи ҳақида келтирилган маълумотларнинг 5 фоизи ҳақиқат эканини таъкидлаган.
“Ростини айтсам, мен ҳужжатларда ёзилганларни ўқимаганман. Менга хабар беришди ва у ерда беш фоиз ҳақиқат бор. Қолганлари ёлғон”, деган Алиев “La Repubblica” нашрига берган интервьюасида.
Алиев Президент бўлишидан аввал омадли бизнесмен бўлганини, унинг бизнеси ҳамон давом этаётганини, бироқ энди унинг бошқаруви оиласида эканини эслатиб ўтган.
“Мен 18 йилдан бери Президентман. Мен илгари тадбиркор бўлганман, бизнес билан шуғулланардим. Ҳамма менинг таржимаи ҳолимни билади. Мен муваффақиятли тадбиркор эдим. Президент этиб сайланганимда, камбағал эмасдим. Президент бўлганимдан сўнг, мен бизнес билан бевосита шуғулланишни тўхтатдим ва уни оиламга ўтказдим. Сиз тушунасиз, бутун меросини мушук ва итларга қолдирган,Ғарбдаги бошқа одамлардан фарқли ўлароқ, Италия ва Озарбайжонда оилавий қадриятларни ҳурмат қиламиз. Шунинг учун мен барча ишларимни болаларга топширдим. Улар бизнесни давом эттирмоқдалар”, деган Алиев.
Озарбайжон раҳбарининг таъкидлашича, унинг болалари асосан Озарбайжонга сармоя киритади, уларнинг мамлакатдан ташқарида ҳам инвестициялари бор. Унинг ишонтиришича, “уларнинг барча тижорий фаолияти шаффоф ва халқаро миқёсда тасдиқланган ҳамда ҳеч ким бу ерда бирор нарса нотўғри деб даъво қила олмайди”.
Маълумот учун, Pandora Papers – сизиб чиққан 12 миллионга яқин ҳужжат бўлиб, улар дунё раҳбарлари, сиёсатчилар ва миллиардерларнинг махфий бойликлари ҳамда яширин келишувларини ошкор этади.
АҚШда Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми қўлга киритган маълумотлар энг йирик глобал текширувларга етаклади.
Дунёнинг 117 мамлакатидаги 600 нафардан кўпроқ журналист ер юзидаги энг қудратли инсонларнинг яширин бойликлари билан таниша олишди.
Ҳужжатларда Алиевлар оиласининг хориждаги мулклари ҳақида ҳам маълумотлар бор. Унга кўра, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг оиласи 84 та офшор компаниялар орқали Лондонда 694 млн долларга кўчмас мулкка эга бўлган. Шу билан бирга, Президентнинг ўша пайтда мактаб ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган фарзандлари учун офшор компаниялар рўйхатга олингани айтилган. Таъкидланишича, 2015 йилги инқироздан кейин Алиевлар кўчмас мулкини сотаётган ва компанияларини ёпаётган пайтда ҳам, активларнинг бир қисми, хусусан, Лондондаги 191 миллион долларлик кўчмас мулк Президентнинг қайнотаси Ориф Пашаев номига рўйхатга олинган.
LiveБарчаси