Панама Трамп устидан БМТга шикоят қилди
Олам
−
22 Январь
2749Панама БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Панама канали устидан назоратни қўлга киритиш нияти ҳақидаги баёнотлари юзасидан шикоят билан мактуб йўллади. Бу ҳақда “New York Times” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Дональд Трампнинг инаугурация нутқи чоғида Панама каналининг қайтарилиши ҳақидаги сўзларидан сўнг Панама БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва БМТ Хавфсизлик кенгашига расмий мактуб йўллаган.
Мактубга Панама Президенти Хосе Рауль Мулинонинг баёноти илова қилинган бўлиб, у ўз мамлакати ва халқи номидан Трампнинг сўзларини рад этган.
Қайд этилишича, мактубда БМТ Низомининг аъзо давлатларга ҳудудий яхлитлик ёки сиёсий мустақилликка қарши таҳдид ва куч ишлатишни тақиқловчи иккита моддаси келтирилган.
Панамага кўра, бундай ҳаракатлар БМТ мақсадларига тўғри келмайди ва ташкилот низомига зиддир.
“Панама Хавфсизлик Кенгашидан ушбу масала бўйича йиғилиш ўтказишни сўрамаган, бироқ дипломатлар АҚШ ва Панама ўртасидаги зиддият давом этса, Кенгаш йиғилиш тайинлаши мумкинлигини айтган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 20 январь куни Трамп ўзининг инаугурация маросимида сўзлаган нутқида Қўшма Штатлар Панама канали устидан назоратни қайта тиклаш ниятида эканини айтди. Униг сўзларига кўра, канал “Панамага берилган”, аммо ҳозир Хитой таъсирига тушиб қолган. У, шунингдек, Панамани Америка кемаларига, жумладан, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемаларига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлганликда айблаб, Қўшма Штатлар каналдан фойдаланиш учун ортиқча тарифларга дуч келаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Панама ва Дания Трампнинг Панама канали ва Гренландия устидан назоратни ўз қўлига олиш таклифини рад этганди.