“Пахтакор” метро бекатига расм чизган рассом вафот этди
Маданият-санъат
−
03 Сентябрь
10198Бугун, 3 сентябрь куни Ўзбекистон тасвирий санъатининг намояндаси, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, санъат арбоби, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, рассом Владимир Бурмакин 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бадиий академияси хабар берди.
Қайд этилишича, ўтган асрнинг 70 йиллари ўртасида Владимир Бурмакин “Халқлар дўстлиги” саройи, “Пахтакор” метроси бекати, “Меҳнат захиралари” спорт комплекси ҳамда “Зарафшон” ресторанининг юз қисмига безаклар берган.
Шунингдек, турли иншоотлардаги мозаикалар, Тошкент аэропорти ҳамда Сенат биносининг ички қисмидаги чизмалар, “Бойсун мадоннаси”, “Дарахт ҳақидаги қўшиқ”, “Ўзбекистон физика фани арбоблари” сингари юзлаб гўзал асарлар муаллифи сифатида ном қолдирди.
Владимир Бурмакин Ўзбекистон ҳамда Россия Федерацияси, Буюк Британия, Франция, АҚШ, Германия, Болгария, Туркия, Польша ва бошқа мамлакатларда кўплаб кўргазмаларда иштирок этган. Унинг ишлари кўплаб музейлар, галереялар ва шахсий коллекцияларда сақланади. Биргина Германиянинг Кёльн шаҳри яқинида жойлашган Гуммерсбах шаҳарчасидаги ЭКЮ-Отель галереясида 200 дан ортиқ ишлари тўпланган.
У қирқ йилдан ортиқ Тошкент рассомчилик таълим муассасаларида дарс бериб, ўнлаб қобилиятли рассомларни тарбиялади ва улар ҳозирда Ўзбекистоннинг машҳур рассомлари қаторига киради.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 сентябрь куни Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов 84 ёшида вафот этганди.