Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов вафот этди
Маданият-санъат
−
03 Сентябрь
24500Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.
“Бобомурод Ҳамдамов ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг ривожланишида салмоқли ҳисса қўшиб, бир нечта ўлмас асарлар яратди ва томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Айниқса унинг “Султон Жалолиддин”, “Ким экан”, “Девона”, “Галдиму”, “Қўрқдим” каби қўшиқлари кенг оммалашиб, халқ қалбида муносиб ўрин эгаллади”, дейилади хабарда.
Бобомурод Ҳамдамов буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг муносиб издоши эди. Унинг қўшиқлари ва ижоди ўзбек санъатининг “олтин фонди”га киритилган бўлиб, ёрқин хотираси мухлислар қалбида мангу яшайди.
Маълумот учун, Бобомурод Ҳамдамов 1940 йил Туркманистоннинг Чоржўй шаҳрида туғилган. У асосан 4 тилда: ўзбек, туркман, тожик ва ҳинд тилида халқ қўшиқларини ижро этган. Ўрта мактабни тугатгандан кейин кўтарма кранчилар тайёрлайдиган қисқа курсни битириб, қурилишга ишга кирган. Аммо қўшиқ айтишни яхши кўргани учун дастлаб ҳиндча қўшиқлар айтган, Комилжон Отаниёзовнинг Тошоғуздаги ансамблида ишлаган.
LiveБарчаси