“Озодлик” Қозоғистон ТИВни судга бермоқчи
Олам
−
12 Июль 3791 2 дақиқа
“Озод Европа/Озодлик радиоси” (RFE/RL) 7 нафар журналистни аккредитациядан ўтказмагани учун Қозоғистон Ташқи ишлар вазирдигини судга бермоқчи. Бу ҳақда “Правой медиа-сентр” раҳбари Гулмира Биржонова хабар берди.
Маълум бўлишича, “Озодлик” радиоси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига 7 нафар журналистни аккредитациядан ўтазишини сўраб ариза берган. Вазирлик ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан рухсатноома беришни рад этган.
“Бу мутлақо бемаънилик. ТИВ жавобни кечиктириш ва муддатни узайтириш учун аниқ сабабларни келтирмаслик орқали журналистларнинг конституциявий ҳуқуқларини ва қонуннинг қайд этилган нормасини чеклаш учун шароит яратди”, дейди Биржонова.
Гулмира Биржонова 2024 йилда хорижий ОАВлар учун қабул қилинган “Аккредитациянинг намунавий қоидалари”га кўра журналистларга рухсатнома бериш ваколати ТИВга берилиши халқаро стандартларга тўғри келмаслигини таъкидлайди.
“Халқаро стандартларга кўра, аккредитация тартиби журналистнинг ишлашига йўл қўймаслиги ёки тақиқламаслиги керак”, дейди “Правой медиа-сентр” раҳбари.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров мурожаатга изоҳ беришдан бош тортган ҳамда суд даъво қўзғатишини кутишни таклиф қилган.
Қайд этиш жоиз, 2024 йилда тўққиз нафар қозоғистонлик журналист янги қабул қилинган “Аккредитациянинг намунавий қоидалари” учун Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлигини судга берганди. Остона суди мазкур даъвони рад этган.
Эслатиб ўтамиз, март ойида АҚШ Глобал оммавий ахборот воситалари агентлиги (USAGM) “Озодлик”ни молиялаштиришни тўхтатган эди. Шундан кейин Европа Иттифоқи (ЕИ) “Озод Европа/Озодлик радиоси” (RFE/RL) фаолиятини давом эттириш учун 5,5 миллион евро ажратишини маълум қилди.
Дилшод Ҳакимов