Озода Нурсаидованинг клипидаги фожиавий ЙТҲ ҳақида 4 ой ўтиб расмий маълумот берилди
3-саҳифа
−
12 Март
25029Аввалроқ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озода Нурсаидованинг қўшиғи учун клип суръатга олиш жараёнида актриса Сабрина Жабборовани автомобиль босиб кетгани, шундан сўнг у ёрдам сўраб пост қолдиргани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг 2024 йил 7 ноябрда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида кеча, 11 март куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан расмий маълумот берилди.
“2024 йилнинг 7 ноябрь куни соат тахминан 13:00 ларда Мирзо Улуғбек тумани, Янги Ўзбекистон кўчасида жойлашган автотураргоҳларнинг бирида, ҳайдовчи вояга етмаган, 2008 йилда туғилган С.П. Mercedes Benz русумли автомашинада ҳаракатланиб, 2 нафар пиёдани (2003 йилда туғилган Ж.С. ва 2006 йилда туғилган Ш.Э.) уриб юборган”, дейилади расмий хабарда.
Билдирилишича, жабрланувчилар шифохонага олиб борилган. Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, фуқаро Ш.Э.нинг ҳолати оғирлик даражаси бўйича енгил тан жароҳати, фуқаро Ж.С. эса “оғир” тан жароҳати деб баҳоланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) билан жиноят иши қўзғатилган.
“Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, тегишли тартибда судга юбориш чораси кўрилмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, мазкур фожиавий йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганига мана 4 ой бўлибдики, на Тошкент шаҳар ИИББ, на ЙҲХБ бу ҳақда маълумот бермай, ҳодисани жамоатчиликдан яшириб келаётган эди. Жабрланувчининг ёрдам сўраб мурожаат қилиши интернет тармоғида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлгачгина ИИББ расмий маълумот эълон қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жабрланувчи актрисанинг мурожаатида машинанинг ғилдираклари унинг устидан икки марта ўтиб кетгани, воқеа оқибатида тос суяги синган, бошқа аъзолари оғир жароҳат олгани айтилади. Шунингдек, 9 соатлик операциядан сўнг беморнинг ҳаёти сақлаб қолингани, бироқ жарроҳлик амалиёти нотўғри бажарилгани оқибатида унинг чап оёғи ўнг оёғидан 7 см узунроқ бўлиб, қиз ногирон бўлиб қолгани билдирилган.
Қайд этилишича, айни вақтда шифокорлар қизнинг саломатлигини тиклаш учун унинг тос суягини синдириб, суякларни тўғрилаш кераклиги, бундай операциялар жуда камдан кам ҳолатларда муваффақиятли ўтишини айтган. Унинг сўзларига кўра, суратга олиш ташкилотчилари ва бошқа айбдор шахслар жабрланувчига етарлича ёрдам кўрсатмаган. Фақатгина 4 ой давомида “фильмни суратга олишда техник қоидаларни бузганлиги” учун жарима сифатида 500 доллар тўлаб турган.
Мазкур ҳодиса бўйича иш судга оширилган, лекин ҳали суд жараёни бошланмаган. Актриса терговчи унга иш материалларини тақдим қилмаганини айтган. Шунингдек, у нормал юриш қобилиятини тиклаш учун чет элда такрорий операция ўтказиши кераклигини айтган ва жамоатчиликдан ёрдам сўраган.
Орадан кўп ўтмай Озода Нурсаидованинг ўша клипида ишлаган ижодий жамоа мазкур вазиятга изоҳ бериб, актриса ва унинг яқинлари улардан уй ва машина талаб қилаётганини айтиб чиқди.
LiveБарчаси