Назарбоевага назар тегдими ёхуд Дариғанинг четлаштирилишида отасининг қўли борми?
Таҳлил
−
03 Май 2020
24125Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев фармони билан Биринчи Президент – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи, мамлакат Сенатининг раиси Дариға Назарбоеванинг сенаторлик ваколати тугатилиши кутилмаган қадам бўлди. Тўқаевнинг бу қарори Дариға учун 57 ёшга тўлиш олдидан (7 май куни туғилган) унутилмас совға бўлди.
Президентликкача бир қадам қолган Назарбоева шу тариқа Қозоғистонда “иккинчи одам” бўлишдан тўхтади. Қозоғистонда Сенат раиси амалда вице-президент вазифасини бажаради.
Аслида, Дариға Назарбоева отасидан кейин мамлакат раҳбари бўлиши тахмин қилинарди. Аммо Нурсултон Абишевич ўз ўрнини қизига эмас, ўша вақтдаги Сенат раиси Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди. Дариға лавозимининг норасмий номланишидан “вице” қўшимчасини олиб ташлашга астойдил ҳаракат қилди. Дариғанинг кетиши қозоқ сиёсатида юз бериши кутилаётган жиддий ўзгаришларнинг дебочаси бўлиши ҳам мумкин.
Дариғанинг кетиши отаси Нурсултон Назарбоев ва амалдаги Президентнинг розилиги билангина бўлганини тахмин қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Негаки, Назарбоев Президентликдан кетган бўлса ҳам катта куч ва ваколатларни сақлаб қолган. Назарбоевнинг мамлакат Хавфсизлик кенгашига умрбод раислик қилиши билан ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Бундан ташқари, ташқи сиёсатнинг тизгини ҳам Назарбоевнинг қўлида қолган.
Дариғанинг кетиши Назарбоевлар оиласи билан боғлиқ юз берган қатор можаролар билан алоқадор бўлиши мумкин. Сўнгги вақтларда унинг ўзи ва гиёҳванд моддага ружу қўйишдан азият чекаётган ўғли Ойсултон кўп бор келишмовчилик сабаб жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб келаётган эди.
Бир неча кун аввал Дариға Назарбоева Сенат раиси бўла туриб, бекор юрмаганини кўрсатиш учун фавқулодда фаол ҳаракат қилаётганди. Хусусан, “вице-президент хоним” ошкора судлар ташкил қилишга чақириб, гиёҳвандлик муаммосига қарши сукут сақламаслик кераклигини тарғиб қилаётганди. Шунингдек, чуқур ўйлаган ҳолда “белни маҳкамроқ” боғлаш кераклигини таъкидлаганди.
Аммо кейинги икки масала бўйича Дариға Назарбоеванинг ўз ҳаёти ҳам катта қизиқиш уйғотади. Бир томонда унинг жуда барвақт гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолган ҳозирда Лондонда яшовчи ўғли Ойсултон қозоғистонликларни ижтимоий тароқдаги саҳифаси орқали ҳайратга солиб келяпти. У навбатма навбат қозоқ сиёсатчилари, ўз қариндошларини ақлбовар қилмас ишларда айблаб, постлар қолдирди. Бир сафар ҳатто Нурсултон Назарбоевни бобоси эмас, балки отаси эканини айтиб чиққанди. Орадан кўп ўтмай у Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўради. Иккинчи томондан Лондон Дариға билан алоқадор молиявий можаролар марказига айланди. Британия ҳукумати Дариғанинг кўп миллионлик пулларини музлатиб қўйди. Апрель ойида блокланган мулклар борасида Назарбоевлар судда ютиб чиқди ва суд тақиқларни олиб ташлади.
Бу воқеаларнинг бари Дариға Назарбоеванинг мамлакатдаги иккинчи энг муҳим лавозимдан маҳрум бўлишига олиб келган бўлса, не ажаб. Юқорида айтилган можаролар мамлакатнинг халқаро майдондаги имижи ва раҳбариятига зарар келтира бошлаганди.
Ўтган йили баҳорда Нурсултон Назарбоевнинг кутилмаганда истеъфога чиқиши, ўрнига Тўқаев келиши эса кўпчиликда “у вақтинча фигура, тез орада ҳаммаси Дариғага ўтади”, деган фикрни уйғотганди. Бундай бўлиши ҳақидаги гап-сўзларнинг ўзигина жамиятнинг турли қатламида қаттиқ қаршиликка учраган.
Баъзи маълумотларга кўра, расмий Москва ҳам Дариғага эҳтиёткорона муносабатда бўлади. Миш-мишларга кўра, Қозоғистон Сенати раиси Россия Президенти Владимир Путин билан юзма-юз учрашишга ҳам астойдил уринган. Аммо унга ҳурмат билан рад жавоби берилган: “Афсуски, Владимир Владимирович жуда банд!”
Энди бўлса Дариғада Сенат раиси лавозими ҳам йўқ. Яқин вақтларда Дариға нега курсисидан туширилгани бўйича бирор расмий маълумот берилади, албатта. Аммо қарор Назарбоевнинг рухсатисиз қабул қилинган бўлиш эҳтимоли жуда кам, деярли йўқ.
Ҳозирда Тўқаев кўп масалаларни ўзи ҳал қилади, бироқ салафи билан маслаҳаташишни ҳам унутмайди. Дариғани нима кутяпти? Бу борада тахминимизча, икки йўл бор: биринчиси, у вақтинча ёки доимийга четга чиқарилади. Иккинчиси, бир муддат “таътил”дан кейин унга ваколатлари ва имкониятлари камроқ бўлган бирор лавозим таклиф этилади. Ҳозирча Тўқаевнинг ўзи ҳам, унинг қўл остидагилар ҳам енгил нафас олиши мумкин.
ДАРИҒА НАЗАРБОЕВА КИМ?
Дариға Нурсултоновна Назарбоева 1963 йил 7 май куни туғилган. Тарих фанлари номзоди, сиёсий фанлар доктори. Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи. Дариға Роҳат Алиев (1962-2015) билан турмуш қурган. Алиев ички разведка хизмати ва Ташқи ишлар вазирлигида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Кейинроқ Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси бўлган. 2007 йилда Алиев Нурсултон Назарбоев билан сиёсий қарама-қаршилик сабаб можарога борган. Натижада Алиев ва Дариға ажрашишган. Собиқ куёвга турли айбловлар қўйилган, охир-оқибат Роҳат Қозоғистонни тарк этишга мажбур бўлган ва Австрияга жойлашган. Австрия уни эстрадиция қилишдан бош тортган, лекин уни “Нурбанк” топ-менежерларини ўғирлаш ва ўлдиришда айблаб ҳибсга олган. Суд давом этаётганда Алиев ўз камерасида осилган ҳолда топилган.
Дариғанинг уч фарзанди бор: катта ўғли Нурали Алиев (1985.01.01), кичик ўғли Ойсултон Назарбоев (1990.07.26), қизи Венера Назарбоева (2000.05.05)
Меҳнат фаолияти:
• 1980-1983 йй — М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университетида ўқиган.
• 1983-1985 йй — С.М.Киров номидаги Қозоғистонда давлат университетининг тарих факультети талабаси.
• 1985-1987 йй — М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети тарих факультетининг илмий ходими.
• 1987-1990 йй — М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети аспиранти.
• 1992-1994 йй — “Бобек” болалар хайрия жамғармасининг вице-президенти.
• 1994-1995 йй — “Қозоғистон телевидениеси ва радиоси” Республика корпорацияснинг вице-президенти, “Хабар” миллий телевизион ахборот агентлигининг директори.
• 1995-1998 йй — “Хабар агентлиги” Республика давлат корхонаси бош директори.
• 1998-2001 йй — “Хабар агентлиги” ёпиқ акциядорлик жамияти президенти.
• 2001-2004 йй — “Хабар агентлиги” ЁАЖ директорлар кенгаши раиси.
• 2004 йил 19 сентябрь – 2007 йил 20 июнь — Қозоғистон Парламентининг учинчи чақириқ Мажлис (қуйи палатаси) депутати (“Асар” партияси), 2005 йил февральдан 2007 йил 20 июнгача “Аймак” депутатлик гуруҳи раҳбари.
• 2007-2012 йй — “Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши” жамоатчилик жамғармаси директори.
• 2012 йил 20 январь – 2015 йил сентябрь — Қозоғистон Парламентининг бешинчи чақириқ Мажлис (қуйи палатаси) депутати (“Нур-Отан” халқ-демократик партияси), Ижтимоий-маданий ривожланиш ва фан қўмитаси раиси.
• 2014 йил 3 апрель – 2015 йил сетябрь — Қозоғистон Республикаси парламенти қуйи палатаси спикерининг ўринбосари, “Нур-Отан” фракцияси раҳбари.
• 2015 йил 11 сентябрь – 2016 йил 13 сентябрь — Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари.
• 2016 йил 13 сентябрь – 2019 йил 20 март — Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати аъзоси, Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик бўйича доимий қўмита раиси.
• 2019 йил 20 март – 2020 йил 2 май — Қозоғистон Республикаси Сенати раиси.
LiveБарчаси