Суриядан чиқарилган АҚШ аскарлари Ироққа ташланади
Олам
−
20 Октябрь 2019
5585Сурия шимоли-шарқидаги АҚШ ҳарбийларининг 1000 нафари Ироқда ИШИДга қарши курашиш учун ташланади. Бу ҳақда Америка Мудофаа вазири Марк Эспер маълум қилди.
“АҚШ аскарларини Сурия шимоли-шарқидан олиб кетиш давом этяпти. Биз кунлар ҳақида эмас, ҳафталар ҳақида айтяпмиз. Амалдаги режа уларни Ироқ ғарбига кўчиришдан иборат”, деган Эспер.
Пентагоннинг юқори мартабали вакилининг сўзларига кўра, вазият беқарор ва режаларда ўзгариш бўлиши мумкин. Шу билан бирга АҚШ Суриядаги ИШИД террорчиларига зарба бериш учун Ироқ ҳудудидан фойдаланадими йўқми, бу ҳамон номаълум.
Эслатиб ўтамиз, Туркия жорий йилнинг 9 октябрь куни Сурия шимолида “Тинчлик булоғи” ҳарбий операциясини бошлади. Ҳарбий амалиёт курд ҳарбий тузилмаларига қаратилган. Бироқ мазкур амалиёт Сурияда янги қочқинлар оқимини юзага келтирди.
Сурия Ҳукумати Туркия ҳужумларининг бешинчи кунида уларга қаршилик кўрсатишга қарор қилди. Сурия қўшинлари Ҳалабдан шимолроқдаги Манбижга юборилди.
13 октябрь куни АҚШ минга яқин аскарини Сурия шимоли-шарқидан кўчиришини маълум қилди.
Дональд Трамп “Тинчлик булоғи” операцияси бошланишидан бир неча кун олдин Туркия Сурияга қарши ҳарбий ҳаракат бошласа мамлакат иқтисодини вайрон қилиш билан таҳдид қилганди. 15 октябрь куни эса АҚШ Туркияни ўз мақсадидан воз кечишга кўндириш учун унга қарши санкциялар жорий қилди.
17 октябрь кунида АҚШ ва Туркия Сурияда ўқ отишни тўхтатишга келишиб олди. Келишув 120 соатга мўлжалланган ва у курдларга буфер ҳудудни тарк этиш учун берилди.