Президент қарори билан субсидия бериладиган маҳсулот турлари кўпайтирилди
Жамият
−
06 Май 2020
8365Кеча, 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида карантин шароитини янада енгиллаштириш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда карантин шароитини босқичма-босқич юмшатишга оид таклиф ва таҳлиллар асосида бундан буён амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.
Унга мувофиқ, ташиш харажатлари учун субсидия бериладиган маҳсулот турлари ҳозирги 52 тадан 86 тагача кўпайтирилди. Бу рўйхатга 32 турдаги сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳамда ҳўл, музлатилган ва консерваланган мевалар қўшилди.
Ушбу транспорт харажатини субсидиялаш механизмидан 2 мингдан зиёд экспортёр корхоналар фойдаланиши имконияти яратилмоқда ва бунга бюджетдан 360 миллиард сўм йўналтирилади.
“Бундай чоралардан мақсад – корхоналар фаолиятини тез тиклаш, экспорт ҳажмини барқарор ошириш, янги иш ўринларини ташкил қилиш учун катта имконият яратиш. Шу сабабли барча даражадаги раҳбарлар доимий равишда ҳар бир туман ва маҳаллада янгича ғоя ҳамда ташаббусларни жорий этиб, оддий халқ ёки камбағалнинг ҳаётини яхшилаш, уларни банд қилиш ва даромадини ошириш масалалари билан устувор даражада шуғулланиши керак”, деди давлат раҳбари.