Озарбайжонда болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиши тақиқланади

Олам

image

Озарбайжон расмийлари 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлайди. Бу ҳақда “Oxu.az” хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат парламенти кеча, 30 июнь куни бўлиб ўтган якуний учинчи ўқишда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, шунингдек, “Ахборот, ахборотлаштириш ва ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиришларни қабул қилган.

16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ижтимоий тармоқларда аккаунт очишлари ва улардан фойдаланишлари учун фақат ўз қонуний вакилларининг розилиги билан йўл қўйилади. Ёшни текшириш учун банк картасидан (ундан маълум миқдордаги маблағ ечиб олиниб, кейин қайтариб берилади), мобиль телефон рақами ва электрон почта манзилидан фойдаланиш режалаштирилган.

Маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш масъулияти провайдерлар, яъни ижтимоий тармоқ эгалари зиммасига юкланади. Қайд этилишича, уларда янги қонунда кўзда тутилмаган бошқа техник ёшни текшириш усулларидан фойдаланиш имконияти ҳам сақланиб қолади. Ушбу янги қоидалар жорий этиладиган платформалар рўйхати ҳозирча тасдиқланмаган.

Хорижий провайдерлар Озарбайжонда ўз филиали ёки ваколатхонасини очишга, шунингдек, давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш учун алоқа марказини ташкил этишга мажбур бўлади.

Агар платформа рўйхатга киритилганидан кейин олти ой ўтиб барча талабларни бажармаса, уни жарималар кутмоқда – умумий ҳисобда 400 минг озарбайжон манатигача (тахминан 235 минг доллар). Кейинчалик ҳам қоидабузарликлар давом этса, бу провайдер трафигининг мамлакат ҳудудида босқичма-босқич чекланишига олиб келади. Янги қонун расмий эълон қилинганидан 12 ой ўтгач кучга киради.

Маълумот учун, Австралия дунёда биринчи бўлиб болалар ва ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларда чекловлар жорий қилган эди. Тегишли тақиқ 2025 йил декабрдан бошлаб амал қилмоқда. Бироқ яқинда ўтказилган тадқиқотлар бу чекловлар самарасиз эканини ва ўсмирлар барибир уларни айланиб ўтишда давом этаётганини тасдиқламоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги вақтда интернетда болалар учун у ёки бу кўринишдаги чекловлар камида тўққизта давлатда амал қилмоқда. Яна 13 та давлат шунга ўхшаш тақиқларни жорий этишни режалаштирмоқда ёки келажакда бундай имкониятни кўриб чиқмоқда.

Яқинда болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлашга қарор қилган мамлакатлардан бири Буюк Британия бўлди. Тегишли қонунни йил охиригача қабул қилиш режалаштирилган, у эса 2027 йилнинг баҳорида кучга кириши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳам 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг