Озарбайжон USAID'ни мамлакатдан ҳайдади
Олам
−
22 Ноябрь 2023
10764АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигига (USAID) энди Озарбайжонда жой йўқ. Бу ҳақда мамлакат Президенти ёрдамчиси Ҳимат Ҳожиев маълум қилди.
У агентлик раҳбари Саманта Пауэрнинг арманларни қўллаб-қувватлаган сўзларига ишора қилиб, уни озарбайжонлик қочқинларга етарлича эътибор бермаётгани учун қоралади.
“Ниқоблар йиртилиб кетди! Бундан буён Озарбайжонда USAID учун жой йўқ!” деб ёзган Ҳожиев Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.
Алиевнинг ёрдамчиси Қўшма Штатларни Арманистонни “30 йиллик Озарбайжон ҳудудлари босиб олинган даврда” қўллаб-қувватлаганликда айблади, шунингдек, USAID раҳбарини Қорабоғдан Арманистонга кетган арманларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги баёнотлари учун танқид қилди.
“АҚШнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги доимий вакили сифатида у ҳеч қачон озарбайжонлик қочқинлар ва ички кўчирилганларнинг аянчли аҳволи тўғрисидаги масалани кўтармаган ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари бажарилишини талаб қилмаган”, дея қўшимча қилди у.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Пауэр Арманистонга сафари чоғида АҚШ ҳукумати Қорабоғдан кўчирилганларга ёрдам бериш учун 11,5 миллион доллар ажратишини айтган эди. Кейин у бу ёрдам озиқ-овқатдан тортиб, ижтимоий ва психологик ёрдамга қадар бўлишини аниқлади.
Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Қорабоғда вазиятнинг навбатдаги кескинлашуви юз берди. Баку "маҳаллий аксилтеррор операцияси" бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. Россия можаро томонларини қон тўкилишини тўхтатиб, дипломатик келишувга қайтишга чақирди. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Россия тинчликпарвар контингенти иштирокида Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.
28 сентябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси президенти Самвел Шаҳраманян 2024 йил 1 январдан унинг фаолиятини тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Аҳолига Баку таклиф қилган реинтеграция шартларини кўриб чиқиш ва қолиш имконияти тўғрисида мустақил қарор қабул қилиш буюрилди.
LiveБарчаси