Озарбайжон Туркманистонга нефть танкери совға қиляпти
Олам
−
19 Сентябрь 4246 1 дақиқа
Озарбайжон Туркманистонга “қардошлик муносабатлари рамзи сифатида” 8000 тонналик нефть танкерини совға қилади. Лойиҳа жорий йилнинг охири ёки келаси йилнинг бошида якунланиши режалаштирилган. Бу ҳақда кеча, 18 сентябрь куни Озарбайжон Иқтисодиёт вазири ўринбосари Соҳиб Алекперов Туркманистон сармоявий форумида (ТИФ 2025) маълум қилди.
Вазир ўринбосари август ойида Авазада бўлиб ўтган уч томонлама учрашувни, унда Туркманистон ва Озарбайжон ўртасида халқаро ҳаво қатновини ривожлантириш бўйича меморандум имзоланганини ҳам эслатди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳужжатнинг амалга оширилиши мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Денгиз устидаги тўғридан тўғри ҳаво кўприги трансчегаравий бизнес, сайёҳлар ва меҳмонлар ташрифини фаоллаштириш учун имкониятлар яратади. Бу қулай ҳаво йўналиши йўловчилар орасида катта талабга эга бўлади”, дейди у.
Маълумот учун, жорий йил 17 июль куни Озарбайжонга ташрифининг маданий дастури доирасида Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси, туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов Фузули ва Шуша шаҳарларига ташриф буюрганди. 12 сентябрь куни Туркманистон Озарбайжоннинг Фузули шаҳрида масжид қуриши маълум қилинди.