Озарбайжон Транскаспий газ қувурининг ташаббускори бўла олмайди – Алиев

Олам

image

Озарбайжон Транскаспий газ қувури лойиҳасини қўллаб-қувватлайди, лекин уни амалга ошириш ташаббускори бўла олмайди. Бу ҳақда 10 январь куни Президент Илҳом Алиев маҳаллий телеканалларга берган интервьюсида айтиб ўтди. 

“Мамлакат сифатида биз бу лойиҳани [Транс-Каспий қувури] ҳар доим қўллаб-қувватлаганмиз ва мен бир неча бор очиқ айтганман, ҳа, агар бизга мурожаат қилишса, биз ўз имкониятларимизни, мавжуд инфратузилмани тақдим этишга ва бошқа зарур муаммоларни ҳал қилишга тайёрмиз. Лекин биз бу лойиҳанинг ташаббускори бўла олмаймиз, чунки бу бизнинг газимиз эмас”, дейди Озарбайжон Президенти. 

Алиев бу лойиҳани сиёсийлаштиришга қарши эканини таъкидлади.  

“Кўп йиллар давомида Транскаспий газ қувури мавзуси сиёсийлаштирилди. Мен бунга қаршиман, чунки мен доимо реал лойиҳалар устида ишлаш тарафдори бўлганман”, деб таъкидлади Озарбайжон раҳбари.  

Унинг фикрича, Транскаспий газ қувури лойиҳаси иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлиши мумкин.  

“Аммо бунинг учун буни тасдиқлайдиган техник-иқтисодий асос талаб қилинади. Газ эгаси истеъмолчилар билан шартномалар тузиши керак – у қандай нархда сотилади, чунки масофа қанча кўп бўлса, харажатлар ҳам шунчалик ортади. Аммо барибир биз ушбу лойиҳани сиёсий қўллаб-қувватлашимизни ҳар доим билдирганмиз ва агар у билан боғлиқ мурожаат бўлса, биз барча ёрдамни берамиз”, дейди Алиев. 

Ашхобод ва Баку узоқ вақтдан бери Каспий денгизи туби бўйлаб Туркманистон қирғоқларидан Озарбайжонга газ қувурини ётқизиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияда бундай лойиҳалар фақат қувур ҳудудий сувлари орқали ўтадиган давлатлар ўртасида келишилиши кераклиги кўрсатилган. Конвенция имзолангандан сўнг қатор ОАВлар келишув Туркманистон газини Европа бозорига 30 йил давомида ҳар йили 30 миллиард куб метр ҳажмда етказиб беришни кўзда тутувчи лойиҳани амалга оширишга яшил чироқ ёқилганини хабар қилди

Ҳозирча Қозоғистон ва Россия ҳудудидан ўтувчи транзит қувурлари туркман газини Ғарбга етказиб беришнинг ягона йўли бўлиб қолмоқда.

14 декабрь куни Туркманбошидаги Аваза миллий туристик зонасида Туркия, Озарбайжон ва Туркманистон Президентларининг учрашуви бўлиб ўтди.Туркия-Озарбайжон-Туркманистон биринчи уч томонлама саммит доирасида бешта келишув имзоланди.Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркманистондан Европага табиий газ етказиб бериш бўйича ишларни бошлашга чақирди. Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Анқара, Баку ва Ашхобод табиий газ етказиб бериш соҳасида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳ тузишини билдирди

Эрдўған туркман газини ҳам Озарбайжон ёрдами билан Каспий денгизи орқали Туркияга олиб келиб, сўнг уни Европа мамлакатларига пуллашни режалаштиряпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг