Эрдўған, Алиев, Бердимуҳамедов учрашувида 5 та ҳужжат имзоланди

Олам

image

Бугун, 14 декабрь куни Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Туркия-Озарбайжон-Туркманистон биринчи уч томонлама саммит доирасида бешта келишув имзоланди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди. 

Аваза Миллий туристик ҳудуди конгресс марказида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирокида савдо, фан, таълим, маданият, божхона, энергетика ва транспорт соҳаларида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. 

Туркия Савдо вазири Меҳмет Муш, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ва Туркманистон Бош вазири ўринбосари Батир Атдаев уч давлат ўртасидаги “Савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим”ни имзолади. 

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманепесов 2023-2025 йилларга мўлжалланган фан, таълим ва маданият соҳасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро асосли дастурини имзолади. 

Туркия савдо вазири Меҳмет Муш, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ва Туркманистон Давлат божхона бошқармаси раиси Максат Худайқулиев чегара пунктларида божхона тартиб-қоидалари бўйича ахборот алмашиш бўйича Қўшма маслаҳат комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро англашув меморандумини имзолади. 

Энергетика ва табиий ресурслар вазири Фотиҳ Дўнмез, Озарбайжон энергетика вазири Парвиз Шаҳбазов ва “Туркмангаз” давлат концерни раиси Батир Аманов энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро англашув меморандумини имзолади. 

Транспорт соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро англашув меморандумини Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Адил Қораисмаилўғли, Озарбайжоннинг рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашад Набиев ҳамда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Транспорт ва коммуникациялар агентлиги директори Мамметхан Шакиев имзолади.   

Шунингдек, уч туркийзабон давлат раҳбарларининг қўшма баёноти қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

90

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг