Озарбайжон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидовга Арманистондан нолиди
Олам
−
01 Март
5065Айни вақтда бўлиб ўтаётган Анталия дипломатик форуми доирасида Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашди. Бу ҳақда Озарбайжон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб кун тартибига доир масалалар, шунингдек, Қорабоғ можаросидан кейинги даврдаги минтақавий вазият муҳокама қилинган.
"Жайҳун Байрамов Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва қардошлик, сиёсий, иқтисодий, савдо, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, кейинги пайтларда жадал давом этаётган олий даражадаги мулоқотлар натижасида соҳаларда кўп қиррали алоқалар ривожланиб бораётгани мамнуният бахш этишини таъкидлади", дейилади манбада.
Учрашув давомида минтақавий ва халқаро ташкилотлар, айниқса, Озарбайжон учун устувор йўналишлардан бири бўлган Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳамжиҳатликка асосланган ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги қайд этилган.
Қолаверса, жорий йилда Озарбайжонда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (COP29) иштирокчилари конференциясининг 29-сессияси бўлиб ўтиши ва бу борада қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда расмий Баку ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини урғулаган.
Арманистоннинг кейинги пайтларда тобора кучайиб бораётган сиёсий ва ҳарбий провокацияларини эслаб ўтган Байрамов мавқедошига можародан кейинги даврда минтақада олиб борилган кенг кўламли реставрация ва қурилиш ишлари, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш йўлида ташланган қадамлар, минтақавий тинчлик ва барқарорликка таҳдид солаётган муаммолар ҳақида батафсил маълумот берган ва Арманистоннинг чегара ҳудудларида ҳарбий амалиётлар олиб бориши, тажовузкор чиқишлари тинчлик жараёнига таҳдид солаётганини таъкидлаган.
Бахтиёр Саидов Озарбайжонни COP29 га мезбонлик қилгани билан табриклаб, ушбу нуфузли тадбирни ташкил этишда муваффақиятлар тилаган ва шу билан бирга, Ўзбекистон бўлажак тадбирнинг юқори савияда ўтиши учун ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканлигини билдирган.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа икки томонлама ва минтақавий масалалар ҳам муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон ТИВ раҳбари Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашган эди.
LiveБарчаси