Озарбайжон Қорабоғга яна газ етказишни тўхтатди – Арманистон ОАВ

Олам

image

Озарбайжон яна бир бор Арманистондан Қорабоғга газ етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда кеча, 10 март куни ТАСС “Арменпресс” агентлигига таяниб хабар берди.

“10 март куни Озарбайжон томони яна бир бор Арманистондан Қорабоғга газ етказиб беришни тўхтатди. “Артсахгас” компанияси фуқаролардан хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни сўрайди”, деб иддао қилинади хабарда.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасига газ вақти-вақти билан узилиб қолмоқда. Қарийб уч ойдан бери давом этаётган Лочин йўлагининг тўсиб қўйилиши билан бирга арманлар яшайдиган ҳудудда яшовчи 120 минг киши “гуманитар фалокат”дан азият чекмоқда. Арманистон иддаоларига кўра, Озарбайжонда ҳаёт учун чидаб бўлмас шарт-шароитлар яратилмоқда, бундан мақсад минтақани этник тозалашдир.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг 5 март куни эрталаб Озарбайжон армияси бўлинмалари ҳарбий юкларни ноқонуний етказиб бераётган арман автомобилини текшириш учун тўхтатмоқчи бўлганини маълум қилди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, автомобиль йўловчилари Озарбайжон ҳарбийларига қарата ўт очган. Отишма оқибатида Озарбайжон Қуролли кучларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Арманистон томони уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Озарбайжон айни вақтда Арманистонни Қорабоғга қурол-яроғ, миналар ва ўқ-дорилар тўплаётганликда айбламоқда. 

Ўз навбатида Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот чиқариб, Озарбайжоннинг янги тажовузни бошлашига йўл қўймаслик ва Тоғли Қорабоғга Арманистон қуролли кучлари жойлаштирилгани ҳақидаги Озарбайжон маълумотларини текшириш учун халқаро фактларни ўрганиш миссиясини юборишга чақирганди. Шунингдек, Озарбайжон халқни бўйсундириш учун Тоғли Қорабоғни этник тозалаш ва геноцидга дучор қилишга тайёрланаётганини қайд этди. Расмий Баку эса бу даъволарини бемаънилик деб атади.

Қорабоғ уруши

2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.

2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Қорабоғ Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг