Озарбайжон Қорабоғда қуролли ҳужумни тўхтатди
Олам
−
20 Сентябрь 2023
5512Озарбайжоннинг Қорабоғ вилоятида конституциявий тузумни тиклаш бўйича маҳаллий аксилтеррор тадбирлари тўхтатилди. Бу ҳақда бугун, 20 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Баёнотга кўра, Қорабоғдаги арман аҳолиси вакилларининг Россия тинчликпарвар контингенти орқали келиб тушган мурожаатини инобатга олиб, 2023 йил 20 сентябрь куни соат 13: 00 дан бошлаб қуйидаги шартлар асосида маҳаллий аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилган:
1. Арманистон Қуролли кучларининг тузилмалари ва Озарбайжон Республикасининг Қорабоғ вилоятида жойлашган ноқонуний арман қуролли тузилмалари қуролларини ташлаб, жанговар позициялари ва ҳарбий постларини ташлаб, тўлиқ қуролсизлантирилади. Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари Озарбайжон ҳудудини тарк этмоқда, ноқонуний арман қуролли тузилмалари тарқатиб юборилмоқда.
2. Шу билан бирга барча қурол-яроғ ва оғир техникалар топширилади.
3. Юқоридаги жараёнларни амалга ошириш Россия тинчликпарвар контингенти билан келишилган ҳолда таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш мақсадида” маҳаллий аксилтеррор чоралари бошланганини эълон қилганди. Баку тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон эмаслигини таъкидлаганди. Кейинчалик Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар ва қабул пунктлари яратилганини билдирган. Воқеалар фонида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилган. Мажлисдан сўнг, Пашинян Арманистон Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудидаги ҳарбий амалиётларда қатнашишни режалаштирмаётганини маълум қилди. Франция эса БМТ Хавфсизлик кенгашининг Тоғли Қорабоғдаги вазият бўйича фавқулодда йиғилишини талаб қилди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Озарбайжоннинг (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
LiveБарчаси