Озарбайжон Арманистондан босиб олинган қишлоқларни қайтаришни талаб қилмоқда
Олам
−
11 Март
7127Озарбайжон Арманистон томонидан босиб олинган 4 қишлоқни зудлик билан қайтаришни талаб қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Бош вазири ўринбосари, Озарбайжон-Арманистон чегарасини белгилаш комиссияси ҳамраиси Шаҳин Мустафоевнинг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозиргача Озарбайжон-Арманистон чегарасини белгилаш комиссияси доирасида томонлар 7 марта учрашган. Ҳозирги босқичда чегарани белгилаш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш ишлари олиб борилмоқда.
“Сўнгги пайтларда Арманистон оммавий ахборот воситаларида Озарбайжон томонидан Арманистоннинг 31 қишлоғи босиб олингани ҳақида ёлғон хабарлар эълон қилинди. Чегараларни белгилашдан олдин Арманистонга тегишли ерлар “босиб олинган” деб айтиш мутлақо асоссиздир”, дейилади баёнотда.
Ҳужжатда 4 қишлоқ (Баганис-Айрим, Қуйи Эскипара, Гейримли ва Қизилхажили) Арманистон ишғоли остида бўлиб, улар ҳеч қандай эксклав эмаслиги, шубҳасиз Озарбайжонга тегишли экани ва зудлик билан қайтарилиши кераклиги таъкидланган. Билдирилишича, Арманистон томонидан босиб олинган 4 та эксклав қишлоғининг (Юқори Эскипара, Софулу, Берҳударли ва Керки) қайтарилиши масаласи эса чегараларни белгилаш жараёни доирасида ҳал қилинади.
Маълумот учун, 1-Қорабоғ урушида Арманистон Ғазах вилоятининг 7 та қишлоғи ва Нахичеваннинг 1 қишлоғини, Қорабоғ ва қўшни вилоятларни босиб олди. 2-Қорабоғ уруши даврида Қорабоғ ва унга қўшни вилоятлар ишғолдан озод қилинган, 4 таси эксклав бўлган жами 8 та қишлоқ Арманистон назорати остида қолган.
Эслатиб ўтамиз, 1 март куни Арманистон парламенти вице-спикери Рубен Рубинян Анталия дипломатик форумида Арманистон ҳеч қачон Озарбайжонга ўз ҳудудида коридор беришга рози бўлмаслигини маълум қилганди.
LiveБарчаси