Озарбайжон Арманистон устидан Халқаро судга шикоят киритди
Олам
−
06 Январь 2023
2331Озарбайжон томони, Арманистон томонидан озарларга нисбатан инсон ҳуқуқларининг мақсадли поймол этилишига жавобан, Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенция доирасида шошилинч чоралар кўриш учун Халқаро судга иккинчи даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик, хусусан, Арманистон томонидан 2021 йилдан бошлаб Озарбайжон ҳудудида миналар, уйларда буби тузоқлари ўрнатилгани ҳақида янги далиллар борлигини таъкидлади.
“Бу 30 йил аввал арман истилоси оқибатида ўз ватанларидан қувилган ички кўчирилганларнинг ўз уйларига қайтишига тўсқинлик қилмоқда. Арманистон томони уч томонлама Баёнот қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда, ҳарбий провокацияларни давом эттирди ва 2022 йил август ойидан буён Озарбайжонда 2021 йилда Арманистон томонидан ишлаб чиқарилган 2700 дан ортиқ мина топилди. Миналар Арманистон томонидан барча жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, ўз кучларини Озарбайжон ҳудудидан олиб чиқиб кетиш ва озарбайжонлик ички кўчирилганларни ишғолдан озод қилинган ҳудудларга қайтаришга розилик бериш тўғрисидаги уч томонлама баёнот имзоланганидан кейинги даврда қўйилганлиги ҳақида далиллар мавжуд. Ушбу миналарнинг ярмидан кўпи тинч аҳоли пунктларида топилган. Бундан ташқари, ушбу миналар ва бошқа қуролларни ташиш учун Арманистон фақат гуманитар мақсадлар учун мўлжалланган Лочин йўлидан очиқ фойдаланади”, дейилади баёнотда.
Ҳужжатда таъкидланишича, миналарнинг қўйилиши тинч аҳоли ҳаётига хавф туғдирибгина қолмай, Озарбайжон ҳамон содиқ қоладиган тинчлик шартномаси имзоланишига хавф соладиган провокация ҳисобланади. Атиги уч ҳафта олдин Калбажар вилоятида мина портлаши оқибатида 7 нафар озарбайжонлик, шу жумладан тиклаш ишларида қатнашган 4 нафар тинч аҳоли фуқароси жароҳатланган ва бир киши ҳалок бўлган.
“Озарбайжон Арманистон томонидан ҳудудларни миналардан тез, хавфсиз ва самарали тозалаш, тинч аҳоли ҳудудларини миналар ва бошқа портловчи моддалар билан ифлосланишини тўхтатиш ва шу мақсадда Лочин йўлидан фойдаланиш бўйича зудлик билан зарур чоралар кўриш мақсадида Халқаро Судга мурожаат қилди. Озарбайжон томони Арманистонни инсон ҳуқуқлари бузилгани учун жавобгарликка тортиш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттиради”, дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.