Озарбайжон Арманистон устидан Гаага судига даъво киритди
Олам
−
13 Февраль
2980Озарбайжон Қорабоғ ва Шарқий Зангезурнинг ноёб табиати йўқ қилиниши ҳамда экологик зарар учун Арманистондан компенсация талаб қилиб, Гаагадаги доимий арбитраж судига даъво киритди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
“Озарбайжон томонидан даъво 2025 йил 12 февралда 1979 йилги “Европада ёввойи фауна ва флора ҳамда табиий яшаш муҳитини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция” (Берн конвенцияси) асосида киритилди. Озарбайжоннинг Арманистонга қарши даъвоси Берн конвенцияси бўйича маълум бўлган илк давлатлараро арбитраж жараёни ҳисобланади”, дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.
Вазирликка кўра, Озарбайжон Арманистондан яшаш муҳити ва ёввойи табиатнинг оммавий йўқ қилиниши учун тўлиқ компенсация талаб қилади. Хусусан, Арманистон томонидан Озарбайжон ҳудудларини босиб олиш даврида юзлаб ёввойи табиатнинг ҳайвонот ва ўсимлик турлари ва яшаш муҳитига салбий таъсир кўрсатган ҳаракатлар, жумладан, кенг миқёсли ўрмонлар кесилиши, экологик жиҳатдан самарасиз дарахт кесиш, тоғ-конь қазиб олиш фаолияти ҳамда гидроэлектр станциялар қурилиши келтириб ўтилган.
Вазирлик, шунингдек, Озарбайжон экологик муҳитни, ҳайвон турларини ва яшаш жойларини йўқ қилиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш бўйича чоралар кўрмаслик учун Арманистонни жавобгарликка тортиш ва адолатни тиклаш йўлида ҳаракат қилишда давом этишини билдирган.
Баёнотга кўра, 2023 йил 18 январда Озарбайжон Арманистонга ушбу далилларга асосланиб, арбитраж жараёнини бошлаш ҳақида билдиришнома юборган. 2023 йил 15 сентябрда Арбитраж суди таркиби тасдиқланган. 2024 йил 12 апрелда эса Гаагадаги Тинчлик саройида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида дастлабки процессуал йиғилиш бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон томонига халқаро судларда ўзаро даъволардан воз кечишни таклиф қилган эди. Хусусан, у вазиятни кескинлаштирувчи риторикадан воз кечиш, давлат чегараларининг делимитация жараёнини давом эттириш, 90 фоиз тайёр бўлган тинчлик шартномасини имзолаш, Арманистоннинг транспорт алоқаларини блокдан чиқариш бўйича “Тинчлик чорраҳаси” лойиҳасини амалга ошириш, ўт очишни тўхтатиш шартларини бузишни текшириш бўйича қўшма механизмни жорий этиш, асирлар масаласини тўлиқ ҳал қилиш ва бедарак йўқолганлар тақдирини аниқлаш устида ишлаш зарурлигини таъкидлаган.
LiveБарчаси
Германия Озарбайжондан кечирим сўради.
01 Апрель