Пашинян Бакуга ўзаро даъволардан воз кечишни таклиф қилди
Олам
−
09 Январь
2837Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон томонига, шу жумладан халқаро судларда ҳам ўзаро даъволардан воз кечишни таклиф қилди. Бу ҳақда Пашинян ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
Хусусан, у вазиятни кескинлаштирувчи риторикадан воз кечиш, давлат чегараларининг делимитация жараёнини давом эттириш, 90 фоиз тайёр бўлган тинчлик шартномасини имзолаш, Арманистоннинг транспорт алоқаларини блокдан чиқариш бўйича “Тинчлик чорраҳаси” лойиҳасини амалга ошириш, ўт очишни тўхтатиш шартларини бузишни текшириш бўйича қўшма механизмни жорий этиш, асирлар масаласини тўлиқ ҳал қилиш ва бедарак йўқолганлар тақдирини аниқлаш устида ишлаш зарурлигини таъкидлаган.
“Ўзаро даъволардан воз кечиш керак, шу жумладан халқаро судлардаги даъволардан ҳам,” дейди Пашинян.
Бундан ташқари, у тинчлик битими шартларини тўлиқ ва самарали бажариш устида ишлаш, қуроллар устидан ўзаро назорат ўрнатиш, квоталар ва уларни қўллашни чеклаш бўйича музокаралар механизмини шакллантиришни, шунингдек, иккала давлатдан қочқинлар билан боғлиқ масалаларни комплекс тарзда кўриб чиқишни ва тинчлик ўрнатилгач, қўшма профессионал экспертлар комиссиясини ташкил этишни таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Никол Пашинян “Арменпресс” нашрига берган интервьюсида Арманистон Озарбайжонга 1990 йилларнинг бошида Қорабоғ ва икки давлат чегарасидаги ҳарбий ҳаракатлар сабаб тўхтаб қолган темирйўл алоқасини тиклаш бўйича таклиф юборганини билдирганди.