Ойналарни қорайтиришга рухсат берилган автотранспорт тоифалари кенгайтирилди
Жамият
−
09 Октябрь 2020
17327Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан, ойналарининг тусини қорайтиришга рухсат берилган автотранспорт воситалари рўйхати кенгайтирилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жумладан, N1 ва N2 тоифага оид юк ташувчи автотранспорт воситалари учун ҳам орқа ён (чекланмаган) ҳамда олд ён (50%дан кам бўлмаган) ойналарининг тусини қорайтиришга рухсат берилди.
Маълумот учун:
• N1 ва N2 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, бири энг катта вазни 3,5 тоннагача ҳамда иккинчиси 12 тоннагача бўлган автотранспорт воситаларидир.
• Илгари фақат енгил автомобилларга ойнасининг тусини қорайтиришга рухсат этилган эди.
Шунингдек, илгари автобус, микроавтобус ва минивенларга фақатгина туристик йўналишларда йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширсагина ойналарини қорайтиришга рухсат берилган эди. Бугундан бошлаб қандай фаолиятни амалга оширишидан қатъи назар, М2, МЗ тоифага оид III класс автотранспорт воситаларининг барчасига ён ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги 50 фоиздан кам бўлмаган даражада қорайтиришга рухсат берилди.
Маълумот учун:
III класс М2 тоифаси — фақат ўтириб кетиш учун мўлжалланган, йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ ва энг катта вазни 5 т гача бўлган автотранспорт воситалари бўлса, М3 тоифаси худди шунинг энг катта вазни 5 т дан кўп бўлган автотранспорт воситаларидир.
Аввалроқ, автомобиллар ойнасини тонировка қилиш нархи арзонлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси