Ойга қўниш пойгаси: Хитой бир йиллик космик миссияни бошлади
Технология
−
25 Май 1398 2 дақиқа
Хитой “Тяньгун” орбитал станциясига уч нафар фазогирдан иборат экипажни олиб кетувчи “Шэньчжоу-23” кемасини учирди. Экипаж аъзоларидан бири Хитой космонавтикаси тарихида илк бор станцияда бутун бир йилни ўтказади – бу Хитой учун энг узоқ давом этадиган бошқариладиган космик миссия бўлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
“Long March-2F” ракетаси кеча, 24 май куни Цзюцюань космодромидан старт олган. Экипаж таркибидан қўмондон Чжу Янчжу, учувчи Чжан Юаньчжи ва фойдали юк бўйича мутахассис Ли Цзяин ўрин олган. Ли Цзяин – Гонконг полициясининг собиқ инспектори бўлиб, у Хитойнинг космик миссиясига йўл олган илк Гонконг вакилига айланган. Станцияда айнан ким бир йил давомида қолишини Хитой космик агентлиги парвоз давомида кейинроқ ҳал қилади.
“Шэньчжоу-23” миссияси давомида Хитой келажакдаги Ой дастури учун зарур бўлган автоматик туташиш технологияларини синовдан ўтказишни режалаштирмоқда. Олимлар коинотда узоқ вақт қолишнинг инсон организмига таъсирини, жумладан, радиация таъсири, суяк массасининг йўқолиши ва психологик стрессни тадқиқ қилади.
Ушбу миссия Хитой ва АҚШ ўртасида инсонни Ойга қайтариш бўйича кучаяётган рақобат фонида бўлиб ўтмоқда. Апрель ойида NASA Artemis II миссиясини муваффақиятли якунлаган эди – бу охирги 50 йилдан ортиқ вақт ичида Ой атрофини бошқариладиган кемада айланиб чиқиш бўйича илк парвоз бўлди. Тўрт нафар астронавт парвозда қарийб 10 кун бўлди ва 1,1 миллион километрдан ортиқ масофани босиб ўтди.
Шу билан бирга, февраль ойида NASA Space Launch System ракетасидаги техник муаммолар сабабли астронавтларнинг Ойга илк қўнишини 2027 йилдан 2028 йилга кўчирган. Хитой эса 2030 йилгача Ойга ўз фазогирларини қўндиришни ва 2035 йилга бориб Россия билан ҳамкорликда Ойда доимий база яратишни кўзламоқда.
Live
Барчаси