Овора бўлманг! АҚШ Исроилни ҳимоя қилади – Блинкен
Олам
−
12 Октябрь 2023
13637АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга бошқа давлатлар ёки террорчилар томонидан ҳужум қилинган тақдирда, АҚШ Исроилни ҳимоя қилишини айтди. Бу ҳақда у Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.
"Исроилда ва бошқа жойларда биз Президент Байден кеча эълон қилган аниқ огоҳлантиришни такрорлаймиз. Бу ҳозирги инқироздан фойдаланиш ва Исроилга ҳужум қилиш ҳақида ўйлаётган давлат ёки ҳар қандай нодавлат тузилмага қаратилган. Овора бўлманг! Қўшма Штатлар Исроилни қўллаб-қувватлайди ", деган Блинкен.
Шунингдек, у мудофаа маҳсулотларининг тўртта жўнатмаси аллақачон Исроилга етиб келганини, яна кўп юклар йўлда эканини айтган.
Унинг қўшимча қилишича, Исроилнинг мудофаа эҳтиёжлари ортиб бораётгани сабабли, Давлат департаменти уларни қондириш учун АҚШ Конгресси билан ҳамкорлик қилмоқда.
Шу билан бирга, АҚШ Давлат котиби ҲАМАСга қарши курашда Исроил миллати ва динидан қатъи назар, тинч аҳолига зарар етказишдан қочиши кераклигини урғулади.
"Тинч аҳолига зарар етказмаслик учун барча мумкин бўлган чораларни кўриш жуда муҳим. Биз эътиқоди ва миллатидан қатъи назар, можаро авж олган пайтда ҳалок бўлган барча учун қайғурамиз", дейди Блинкен.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Чарльз Браун Эронни Исроилдаги можарога аралашиши оқибатларидан огоҳлантирганди. NBC телеканали эса Америка маъмурияти Украина учун қўшимча молиялаштириш ва Исроилга ёрдам сўровларини бирлаштириш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилди. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби эса АҚШ Исроил ва Фаластин ўртасидаги тўқнашувларда иштирок этиш учун қўшин юбориш ниятида эмаслиги, бироқ Исроилга ҳарбий ёрдам етказиб беришни бошлаган ва яқин кунларда қўшимча маблағ ажратилишини айтди.
LiveБарчаси