ОТМга кириш имтиҳони бу йил қай тартибда ўтказилиши айтилди
Жамият
−
29 Март 2022
13722Жорий йилда ҳам олий таълим муассасаларига кириш имтиҳони тест синовларини ўтказиш учун икки хил сценарий тайёрланмоқда. Бу ҳақда бугун, 29 март куни ДТМ директори Мажид Каримов маълум қилди.
“Олий таълим муассасаларига кириш [имтиҳони] тест синовларида 1 млндан ортиқ абитуриент иштирок этиши кутилмоқда. Мана шу рақамларни эътиборга олган ҳолда, [Давлат] тест маркази томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда икки хил сценарий асосида тест синовлари ўтказиладиган жойларни ташкиллаштириш амалга оширилмоқда”, дейди Каримов.
Шунингдек, у сўзи давомида жорий йил тест синовларини топшириш учун қанча очиқ ва ёпиқ майдонлар тайёрланаётганини маълум қилди:
“Пандемия шароити бўлмай, анъанавий шаклда тест олинса, 94 та катта сиғимдаги бинолар тайёрланмоқда. Агар пандемия шароити бўлса, иккинчи сценарий асосида 53 та стадион ва хиёбонлар танлаб олинди ва тегишли ташкилотлар билан схема ва ҳужжатлар, уларни ташкиллаштириш бўйича барча келишув ишлари амалга оширилмоқда”.
Эслатиб ўтамиз, 2021-2022 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари 2021 йил 5 августдан 16 августга қадар 12 кун давомида, кунига 2 сменада бўлиб ўтган эди. Унда ҳужжат топширган 948 211 нафар абитуриентдан 892 242 нафари (94,1 фоизи) иштирок этган бўлса, 55 969 нафари (5,9 фоизи) турли сабабларга кўра тест синовларида қатнашмаган.
LiveБарчаси