Коронавирус қурбонлари 400 нафардан ошди
Олам
−
04 Февраль 2020
7743Хитойда пайдо бўлган 2019-nCoV коронавируси билан боғлиқ вазият ҳамон оғирлигича қолмоқда. Бугун, 4 февраль ҳолатига ушбу вирусдан ҳалок бўлганлар 427 нафарга етди.
Вирус билан касалланганлар сони 20 623 кишин ташкил қиляпти. Шуларнинг 20 438 нафари Хитойда. Қолганлари дунёнинг 26 давлатида аниқланган. Беморларнинг 14 фоизи ёки 2790 нафарининг аҳволи жиддий.
Вирусдан даволанганлар сони эса 653 нафарга етди.
Қайд этиш керакки, Хитойдан ташқарида иккинчи марта коронавирусдан ўлим ҳолати кузатилди. Бу Гонконгда юз берди. Бундан аввалроқ, Филиппинда хитойлик аёл коронавирусдан ҳалок бўлганди.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.