Абитуриентлар диққатига! ОТМга қабул квотаси тасдиқланди
Жамият
−
24 Июнь 2021
15154Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини янада кенгайтириш, олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, карантин шароитида олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва кириш имтиҳонларини талаб даражасида ташкил этиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб давлат гранти асосида кадрларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари (кейинги ўринларда – филиаллар) ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотлари учун ҳам шакллантирилади. Бунда:
филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (кейинги ўринларда – кадрлар буюртмачилари) олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади;
филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган ва ўқишни тамомлагандан сўнг кадрлар буюртмачиси тизимида 5 йилдан кам бўлмаган муддат давомида ишлаб бериш истагини билдирган абитуриентлар билан уч томонлама (кадрлар буюртмачиси–талаба–олий таълим ташкилоти) шартнома тузилади;
филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган абитуриентлар кадрлар буюртмачиси билан шартнома имзолаш истагини билдирмаган тақдирда, шартнома тузиш ҳуқуқи кириш имтиҳонларида тўплаган баллар кетма-кетлигига мос равишда кейинги ўриндаги абитуриентга берилади;
давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ўқитиш харажатлари кадрлар буюртмачилари томонидан Давлат бюджети параметрларида мазкур мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Норкулов) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошкулов), Молия вазирлиги (Ишметов) ва Адлия вазирлиги (Давлетов) билан биргаликда икки ой муддатда филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси параметрларини шакллантириш тартибини тасдиқласин.
2. 2021/2022 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари:
а) бакалаврлар тайёрлаш бўйича:
кундузги таълим шаклига – 113 530 нафар этиб 1-иловага мувофиқ;
сиртқи таълим шаклига – 37 675 нафар этиб 1а-иловага мувофиқ;
кечки таълим шаклига – 6 550 нафар этиб 1б-иловага мувофиқ;
б) магистрлар тайёрлаш бўйича – 12 900 нафар этиб 2-иловага мувофиқ;
в) филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича – 500 нафар этиб 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, 2021/2022 ўқув йили қабулида:
абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 22 июнидан 22 июлига қадар (22 июль куни ҳам) бўлган муддатда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади;
Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча 2 000 та давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади;
Самарқанд вилояти Ургут туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда таълим тизимида кадрлар қўнимсизлигини камайтириш мақсадида бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида педагогика йўналишлари бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан мазкур туман учун қўшимча 100 та давлат гранти асосидаги мақсадли қабул кўрсаткичлари ажратилади;
абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади;
абитуриентларга рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш бўйича қўшимча имконият берилади.
4. 2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг (кейинги ўринларда – Давлат комиссияси) таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Давлат комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
зарурат бўлганда, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари таркиби ва ўқув-методик таъминотидан келиб чиқиб, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини киритиш ҳамда ташкил этиладиган янги олий таълим муассасалари қабул параметрларини белгилаш учун давлат буюртмаси параметрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул параметрларини белгилаш;
олий таълим муассасаларига бакалавриатнинг масофавий таълим шаклига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини тасдиқлаш;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифлари асосида олий таълим муассасаларининг (ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриат таълим йўналишлари бўйича базавий тўлов-контракт қийматидан келиб чиқиб, табақалаштирилган тўлов-контракт минимал миқдорининг ягона кўрсаткичларини белгилаш;
профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини тасдиқлаш.
5. Халқ таълими вазирлиги (Шерматов) Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Турдимов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Норкулов) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошкулов) билан биргаликда бир ҳафта муддатда Самарқанд вилояти Ургут тумани учун педагогика йўналишлари бўйича ажратилган қабул параметрларини олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш бўйича асосланган таклифларни Давлат комиссиясига киритсин.
6. Белгилансинки:
а) 2021/2022 ўқув йили қабулида:
давлат олий таълим муассасаларининг магистратура (клиник ординатура) мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш икки босқичда амалга оширилади. Бунда, биринчи босқичда давлат олий таълим муассасаси томонидан танланган мутахассисликка мос фанлар бўйича кириш имтиҳонлари, иккинчи босқичда Давлат тест маркази томонидан чет тили бўйича тест синовлари ўтказилади;
магистратура (клиник ординатура)га ўқишга қабул қилишда чет тили бўйича тегишли даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентлар иккинчи босқичда чет тилидан тест синовини топширишдан озод қилинади ва уларга мазкур фан бўйича максимал балл берилади;
магистратура (клиник ординатура) мутахассислигига мос фанлар бўйича имтиҳонлар натижалари имтиҳон ўтказилганидан кейин уч кун муддатда давлат олий таълим муассасаси томонидан идоралараро электрон ахборот алмашинув тизими орқали Давлат тест марказига тақдим этилади ҳамда мазкур муассасанинг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
абитуриентнинг чет тили бўйича тест синовидан тўплаган баллари тўғрисида маълумот тест синовлари ўтказилган куннинг эртасига ҳамда магистратура (клиник ординатура) қабули бўйича танлов натижалари тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта муддатда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
б) 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб:
абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда касбий (ижодий) имтиҳонлардан сўнг мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга бўлган шахслар умумий қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;
хорижий фуқароларни давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш белгиланган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижаларига кўра олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади;
магистратура (клиник ординатура) мутахассисликларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг тўлов-контракт суммаси бир талабага тўғри келадиган реал харажатлардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси томонидан мустақил белгиланади;
в) 2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб рўйхати мазкур қарорга 5-иловада келтирилган олий таълим ташкилотларига қабул параметрлари хорижий мамлакатдаги бош олий таълим ташкилоти, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан келишган ҳолда мазкур олий таълим ташкилотлари Васийлик кенгаши қарори билан тасдиқланади.
7. 2021 йил 15 июлдан бошлаб талабалар ўқишини кўчиришнинг қуйидаги тартиби жорий қилинсин, унга мувофиқ:
а) талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган (шу жумладан, халқаро рейтингларда биринчи 1 000 та ўриндан бирини эгаллаган) олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда:
талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади. Бунда, касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасаси томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади;
тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари жорий йил 25 июлга қадар, кейинчалик ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади;
ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади;
тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари Давлат тест маркази ҳамда олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;
б) талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди;
в) талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикасининг бир ҳудудида жойлашган давлат олий таълим муассасасидан бошқа ҳудудидаги давлат олий таълим муассасасига кўчиришда:
ўқишни мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришга узрли сабаблар мавжуд бўлганда рухсат этилади. Бунда, ўқишни кўчириш сўралаётган ҳудудда мос ва турдош таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда, ўқишни мазкур ҳудуддаги олий таълим муассасасининг бошқа таълим йўналишига кўчиришга рухсат этилади;
талабанинг республика бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун кўчиб ўтиши, турмуш ўртоғи ёки ота-онасининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойи бошқа ҳудудга ўзгартирилиши, никоҳ тузгандан кейин турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудудга кўчиб ўтиши узрли сабаблар этиб тан олинади;
талабаларнинг ўқишини узрли сабаблар мавжуд бўлмаган ҳолатларда, шунингдек, мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади (мазкур кичик банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно);
г) талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан:
Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчириш мазкур банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган тартибда;
Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади;
д) спорт мусобақалари ғолиби сифатида имтиёз билан олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган ҳамда кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини уларнинг аризаларига мувофиқ, сиртқи таълим шаклидаги мос ва турдош таълим йўналишига (сиртқи таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда) давлат гранти асосида кўчиришга рухсат берилади.
8. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (Ташкенбаев) Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев) билан биргаликда 2021 йил 15 июлга қадар қўшни давлатларда фаолият юритаётган ва ваколатли ташкилот томонидан аккредитациядан ўтган олий таълим ташкилотлари рўйхатини расмий веб-сайтида эълон қилсин ҳамда мазкур рўйхатнинг ҳар йили янгилаб борилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6110-сон Фармонида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Гулистон давлат университети, Қарши давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти ва Навоий давлат педагогика институтида тиббиёт факультетларини ташкил қилиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев), Туризм ва спорт вазирлиги (Абдухакимов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг (Тошкулов) Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида тиббиёт факультетини ташкил этиш ҳамда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб соғлиқни сақлаш соҳаси учун олий маълумотли кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Тошкент тиббиёт академияси мазкур бандда кўрсатилган таълим муассасаларига тиббиёт факультетлари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларни ўқув-методик жиҳатдан таъминлаш ва малакали профессор-ўқитувчилар билан тўлдиришда кўмаклашсин.
10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1–3-ўрин) бўлган спортчи-ўқувчилар давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларига қўшимча давлат гранти асосида кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.
Бунда, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор (1–3-ўрин) бўлган спортчи-ўқувчилар қабул қилинадиган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати Туризм ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг асослантирилган таклифларига мувофиқ Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади ҳамда Туризм ва спорт вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
11. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (Ташкенбаев) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошкулов) ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар давлат олий таълим муассасаларида янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича таълим фаолиятини амалга ошириш учун уларнинг моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари ва ўқув-методик таъминотига қўйиладиган минимал талабларни (кейинги ўринларда – минимал талаблар) ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Белгилансинки, 2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб, давлат олий таълим муассасаларига, улар минимал талабларга жавоб берган тақдирда, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича таълим фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади.
12. Давлат комиссияси беш кун муддатда 2021/2022 ўқув йили учун:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмаларига биноан соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ветеринария, тиббий-ижтимоий хизматлар соҳаларида олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун давлат буюртмаси параметрларининг давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрларининг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимотини;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифлари асосида давлат буюртмаси параметрларини таълим тилларига қараб тақсимотини;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси таклифлари асосида филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси параметрларининг кадрлар буюртмачилари ҳамда таълим йўналишлари кесимидаги тақсимотини тасдиқласин.
13. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошкулов) бир ой муддатда:
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилида янги киритилаётган бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига белгиланган тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;
давлат олий таълим муассасалари томонидан янги киритилаётган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг малака талаблари, ўқув режалари ҳамда фан дастурларининг ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.
14. Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасалари 2021/2022 ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича белгиланган тўлов-контракт миқдори ҳақидаги маълумотларни 2021 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситаларида эълон қилсинлар.
15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари пандемия шароитида абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш ва тест синовларини ўтказиш жараёнларини карантин ва хавфсизлик талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда юқори савияда ташкил этишга шахсан масъул этиб белгилансин.
16. Белгилаб қўйилсинки, 2021/2022 ўқув йилида олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида бакалавриат ва магистратурага ўқишга қабул қилинган шахсларни ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Молия вазирлиги кадрлар буюртмачилари томонидан тақдим этилган асосланган ҳисоб-китобларга кўра филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси параметрлари асосида ўқишга қабул қилинган фуқароларнинг ўқитиш харажатлари босқичма-босқич қоплаб борилишини таъминласин.
17. Давлат тест марказига (Каримов) марказ фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча штат бирликларини жорий этиш ҳуқуқи берилсин.
18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда республиканинг барча ҳудудларида Давлат тест марказига тегишли намунавий типдаги павильонларнинг қурилиши учун белгиланган тартибда ер участкалари ажратилиши ҳамда 2022 йил 1 июнга қадар мазкур павильонлар қуриб битказилиши ва фойдаланишга топширилишини таъминласин.
19. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 6 ва 7-бандлари билан жорий этилаётган тартиб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясига, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига ва ҳарбий олий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.
20. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Тошкулов):
а) икки ҳафта муддатда:
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб масофавий таълим ташкил этиладиган давлат олий таълим муассасалари рўйхати ҳамда тегишли таълим йўналишлари учун қабул параметрлари бўйича таклифларни Давлат комиссиясига киритсин;
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (Ташкенбаев) билан биргаликда магистратура мутахассисликлари ва уларга мувофиқ бакалавриат таълим йўналишлари рўйхатини қайта кўриб чиқсин, янгиланган рўйхатни тасдиқласин ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилсин;
б) уч ой муддатда:
2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб талабаларни магистратура (клиник ординатура)га ўқишга қабул қилишнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисидаги;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
21. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:
иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни давлат олий таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартибини;
масофавий таълимни ташкил этиш ва бошқариш тартибини;
олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларда докторантурага қабул қилиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгиловчи Ҳукумат қарорларини қабул қилсин.
22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
23. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсан жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов ҳамда Давлат тест маркази директори М.М.Каримов белгилансин.
Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2021 йил 22 июнь