ОТБ Ўзбекистонга 270 млн доллар ажратди
Жамият
−
03 Сентябрь 2020
5491Осиё тараққиёт банки (ОТБ) жорий йилнинг 1 сентябрь куни Ўзбекистонга 274,2 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ОТБ сайтида хабар қилинди.
Пуллар мамлакатнинг ғарбий қисмидаги 240 км автомагистрални таъмирлаш ва миллий йўллар тармоғинининг муҳим нуқталарида хавфсизликни оширишга сарфланади.
“Ўзбекистон денгизга чиқиш имкони йўқ давлат сифатида минтақавий ўзаро алоқадорликни ўзининг транспорт сиёсатининг асосий унсури этиб белгилаган. Бу лойиҳа мамлакатнинг Европа ва Жанубий-шарқий Осиё ўртасида минтақий транспорт ва логистика хаби сифатидаги имкониятини оширади”, дейди ОТБ катта мутахассиси Паван Карки.
Лойиҳа доирасида Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнеу магистралининг Қорақалпоғистондаги 240 километрли участкаси икки полосали цемент-бетон йўлга айлантирилади. Қайд этилишича, мазкур йўл Ўзбекистондаги машина энг кўп юрадиган йўллардан бири ҳамда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (МОМИҲ) икки дастури коридорининг муҳим бир қисми ҳисобланади.
Унинг таркибида асрнинг охирига келиб ҳарорат деярли 5ºС га кўтарилиши кутилаётган Қорақалпоғистоннинг қуруқ иқлими учун мос бўлган иқлим ўзгаришларига чидамлиликни таъминловчи элементлар ҳам бўлади. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида аёллар учун алоҳида санитария иншоотлари жойлашган бешта дам олиш бекатлари, шунингдек бозор павильонлари қурилади, уларнинг 50 фоизи тадбиркор аёллар учун ажратилади.
Йўл ҳаракати самарадорлиги ва хавфсизлигини ошириш учун мақсадида Тошкент—Наманган йўлининг 100 километрли участкасида интеллектуал транспорт тизимини ўрнатиш режалаштирилган. Тизим ҳаракат ва йўл шарт-шароитини реал вақт режимида кузатиб, табло ва веб-сайтларга маълумот ва огоҳлантирувларни етказиб туради.
LiveБарчаси