Отабек Умаров Хитойга борди
Спорт
−
23 Сентябрь 2023
14398Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви – Осиё Олимпия кенгаши (ООК) вице-президенти Отабек Умаров Хитойнинг Ханчжоу шаҳридаги Ўзбекистон делегацияси билан учрашди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 23 сентябрь куни ООК вице-президенти Отабек Муҳаммадалиевич Умаров Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларининг Атлетлар шаҳарчасига бориб, Ўзбекистон делегациясининг штаб-квартирасини кўздан кечирган. Вице-президентга Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда Ойбек Қосимов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти ҳамроҳлик қилган.
“Ташриф давомида шаҳарчада делегациямиз учун яратилган шароитлар ўрганилди. Атлетларимиз яшайдиган хоналар, тиббиёт бўлими, машғулот ва мусобақа залларига қатнашлари учун йўлга қўйилган транспорт-логистика тизими, спорт турлари бўйича мусобақалар тақвими ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, атлетлар шуғулланадиган спорт заллари, ошхоналар ҳам кўздан кечирилди”, дейилади МОҚ хабарида.
Отабек Умаров айни пайтда шаҳарчада яшаётган ўзбекистонлик спортчи ва мураббийлар билан яқиндан суҳбатлашиб, бўлажак баҳсларида омад тилаган.
Маълумот учун, ООК вице-президенти бугун Ханчжоу-2022 ХIХ ёзги Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Осиё Олимпия кенгаши раҳбарияти таркибида иштирок этиши режалаштирилган.
LiveБарчаси