Остонада илк бор учар такси синовдан ўтказилди (видео)
Технология
−
24 июл 2024 2 дақиқа
Бугун, 24 июль куни Қозоғистон пойтахти Остонада илк бор вертикал учиш ва қўниш имкониятига эга (eVTOL) электр ҳаво кемаси базасида йўловчи аэротаксисининг намойиш парвози бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Kazinform” хабар берди.
Қайд этилишича, синов парвози “Келажак ўйинлари” дастури доирасида “Қазанат” ипподроми ҳудудида бўлиб ўтган. Намойиш учун бир нафар пилот ва беш нафар йўловчига мўлжалланган AutoFlight Prosperity электр ҳаво кемасидан фойдаланилган. Қурилма соатига 200 километргача тезликни ривожлантириш ва бир марталик қувват билан 200 километргача масофани босиб ўтиш имкониятига эга.
Тадбир ташкилотчилари сифатида Қозоғистоннинг “Alatau Advance Air Group” Ltd. (AAAG) компанияси Хитойнинг AutoFlight компанияси билан ҳамкорликда чиққан.
AAAG бошқарув раиси Сергей Хегайнинг сўзларига кўра, бундан бир неча йил олдин кичик баландликлар иқтисодиёти олис келажак технологияси сифатида қабул қилинган. Унинг таъкидлашича, бир ярим йил ичида лойиҳа жаҳон тажрибасини ўрганишдан тортиб, инфратузилмани яратиш ва намойиш парвозларини ўтказишгача бўлган йўлни босиб ўтган.
Компания раҳбарининг билдиришича, шаҳар ҳаво ҳаракатчанлигини (мобиллигини) ривожлантириш рақамли инфратузилма, ҳаво ҳаракатини бошқариш тизими, вертипортлар, меъёрий-ҳуқуқий база ва мутахассисларни тайёрлашни талаб қилади.
“Бу ҳаво ҳаракатчанлиги операторлари, рақамли платформалар, техник хизмат кўрсатиш, ҳаво кемаларини йиғиш, бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ҳамда янги инженерлар, пилотлар ва операторларни тайёрлашни бирлаштирадиган янги юқори технологик индустриядир”, дейди Сергей Хегай.
У лойиҳанинг асосий мақсади келажак авлодлар учун янги технологик тармоқни яратиш эканини қўшимча қилган.
“Биз ушбу индустрияни фарзандларимиз учун яратмоқдамиз. Улар учун ҳаво ҳаракатчанлиги, худди бизнинг авлодимиз учун автомобиль кундалик одатга айланганидек, ҳаётнинг табиий бир қисмига айланиши мумкин. У билан бирга янги касблар, муҳандислик мактаблари, технологик компаниялар ҳамда Қозоғистонда ўз билим ва истеъдодларини рўёбга чиқариш имкониятлари пайдо бўлади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 май куни Олмаота яқинидаги Олатау шаҳрида шаҳар ҳаво мобиллигининг янги даврини бошлаб берувчи аэротакси eVTOL’нинг илк синов парвози бўлиб ўтган эди.
Live
Барчаси