Остонада АЭС қурилиши бўйича жамоатчилик муҳокамалари бўлиб ўтди
Олам
−
21 Август
4174Кеча, 20 август куни Остонада Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш масаласи жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Атом саноатини ривожлантириш ассоциацияси хабар берди.
Қайд этилишича, тадбирда ядро саноатининг етакчи экспертлари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этган. Асосий эътибор технологик хавфсизлик, лойиҳанинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ва мамлакатнинг келажакдаги энергетика хавфсизлиги масалаларига қаратилди.
Муҳокамалар чоғида Атом саноатини ривожлантириш ассоциацияси раиси Алдияр Тўқтаров мамлакат энергетика соҳасини ривожлантириш учун АЭС қуриш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
“Тараққиёт учун энергия керак, мен бу ерда ўзим учун ҳам, бошқа тенгдошларим учун ҳам истиқболларни кўряпман”, дейди Тўқтаров.
У, шунингдек, Қозоғистоннинг АЭС лойиҳасини амалга оширишдаги иштироки даражасига қизиқиш билдирган.
“Қозоғистон АЭСлари” АЖ директори Тимур Жантикиннинг таъкидлашича, лойиҳа максимал даражада маҳаллийлаштиришни назарда тутади. У, шунингдек, қурилиш ва фойдаланиш босқичида маҳаллий ядро ёқилғисидан фойдаланиш ва қозоғистонлик мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилганини қайд этган.
Жантикиннинг қўшимча қилишича, айни дамда 600 га яқин қозоғистонлик мутахассислар Туркияда АЭС қурилишида ишламоқда, шунингдек, Қозоғистон жамоаси Россияда БН-800 атом реакторини қуришда иштирок этган.
Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига қаршилар эса экологик хавфлар, соғлиқ учун хавф-хатарлар, шунингдек, станция бир гигаватт қувватдан 50 куб метр радиоактив чиқиндилар ишлаб чиқариши ва уни бирор жойга кўмиб қўйиш кераклигига эътибор қаратган.
Лойиҳа тақдири шу йилнинг кузида бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида ҳал қилинади.
LiveБарчаси