Осиёда нотинчлик. Камбоджа ва Таиланд ўртасида қуролли тўқнашув бошланди (видео)
Олам
−
24 Июль 10120 4 дақиқа
Бугун, 24 июль куни эрталаб Камбоджа ва Таиланд ўртасидаги баҳсли Та Моан Том ибодантхонаси яқинида, Бангкокдан 360 км шарқда жойлашган чегара ҳудудида тўқнашувлар бошланди. Бу ҳақда маҳаллий манбаларга таяниб, “Reuters” хабар берди.
“Артиллерия снаряди одамларнинг уйларига тушди. Икки киши ҳалок бўлди”, деган Сурин вилоятидаги Кабчиенг тумани раҳбари Суттирот Чарўнтанасак “Reuters” агентлигига.
У буни Камбоджа томонидан амалга оширилган ўқ узиш деб тасвирлаган. Чарўнтанасак туман ҳокимияти чегарага яқин 86 қишлоқдан 40 000 нафар фуқарони хавфсиз жойларга кўчирганини қўшимча қилди.
Таиланд армияси маълум қилишича, Камбоджа ибодатхона яқинидаги ҳудудга оғир қуролланган аскарларни жўнатишдан олдин кузатув дронини ишлатган.
“Камбоджа ҳарбийлари ўқ узган ва икки нафар таиландлик аскар яраланган”, деб хабар берди Таиланд армияси матбуот котиби.
Унинг сўзларига кўра, Камбоджа ракета учиргичлар каби бир неча турдаги қуроллардан фойдаланган.
Камбоджа Мудофаа вазирлиги вакили эса Таиланд ҳарбийлари томонидан ҳеч қандай сабабсиз ҳудудга бостириб кирилганини ва камбоджалик аскарлар фақат ўзини ҳимоя қилиш мақсадида жавоб қайтарганини маълум қилди.

Таиланд бош вазири вазифасини бажарувчи Пхумтам Вечаячай бу вазиятни нозик деб баҳолади.
“Биз эҳтиёткор бўлишимиз керак. Биз халқаро ҳуқуққа амал қиламиз”, деди у журналистларга.
Шу ҳафта Таиланд Камбоджани баҳсли ҳудудда мина ўрнатганликда айблади, бунинг оқибатида уч нафар аскар жароҳат олган. Камбоджа бу айбловни рад этди ва аскарлар келишилган йўналишдан чиқиб кетиб, ўтмишдаги урушлардан қолган минага тушиб кетганини билдирди.
“Камбоджада ўнлаб йиллар давом этган фуқаролик урушидан қолган миллионлаб мина бор”, дея қайд этишади минадан тозалаш ташкилотлари.
Аммо Таиланд чегарадаги мина яқинда қўйилган деб ҳисоблайди. Камбоджа эса буни асоссиз айбловлар, деб атади.
Бироқ ҳар икки томон бугун, 24 июль куни Таиланднинг F-16 жанговар қирувчи самолёти Камбоджа ҳудудидаги нишонларга бомба ташлаганини маълум қилди. Чегара бўйича тортишув туфайли бир неча ҳафтанги кескин вазият тўқнашувларга айланиб кетди, ҳозиргача камида икки нафар фуқаро ҳалок бўлди. Ҳар икки давлат ҳам тўқнашувни биринчи бўлиб бошлаганликда бир-бирини айблади.
“Биз режа бўйича ҳарбий нишонларга нисбатан ҳаво кучларини ишлатдик”, деди Таиланд армияси матбуот котиби ўринбосари Рича Суксуванон журналистларга.
Шу билан бирга, Таиланд Камбоджа билан чегарани ёпди.
Камбоджа Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Таиланд учоқлари йўлга икки бомба ташлаган. Камбоджа бундай ҳаракатни “Таиланд Қироллигининг Камбоджа суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига нисбатан беҳисоб ва ваҳший ҳарбий тажовузи” сифатида кескин қоралади.
Бу тўқнашувлар Таиланд кеча, 23 июль кечаси ўз элчисини Камбоджадан чақириб олганидан ва Бангкокдаги Камбоджа элчисини мамлакатдан чиқариш ниятида эканини маълум қилганидан сўнг бошланди. Бу қарор ҳафта давомида иккинчи таиландлик аскар тортишувли ҳудудда янги ўрнатилган деб гумон қилинган минани босиб, оёғини йўқотганидан кейин қабул қилинди.

Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 24 июль куни эрталаб Камбоджа қўшинлари Таиланд ҳарбий базасига оғир артиллерия билан ўқ узгани ва фуқаролик объектлари, жумладан шифохонани нишонга олганини маълум қилди. Бу ҳодиса фуқаролар орасида ҳам қурбонларга сабаб бўлган.
“Камбоджа қуролли ҳужумлар ва суверенитетимизга бўлган тажовузларни давом эттирар экан, Таиланд қироллиги ҳукумати ўзини ҳимоя қилиш чораларини янада кучайтиради”, дейилади вазирлик баёнотида.
Таиланднинг чегарада жойлашган Сурин вилоятида болалар ва қариялар бетон, қум қоплари ва автомобиль шинаси билан мустаҳкамланган паноҳгоҳларга қочишди.

“Қанча марта ўқ узилди? Саноғи йўқ”, деди Тhai Public Broadcasting Service (TPBS) телеканалига номаълум аёл паноҳгоҳда яшириниб турганида. Фонда эса ўқ узиш ва портлаш товушлари эшитилиб турган эди.
Камбоджа Ташқи ишлар вазирлиги Таиланд ҳаво ҳужумларини "ҳеч қандай сабабсиз" деб баҳолади ва қўшни давлатни ўз кучларини олиб чиқишга ҳамда вазиятни янада кескинлаштириши мумкин бўлган ҳар қандай тажовузкор ҳаракатлардан тийилишига чақирди.
Маълумот учун, 100 йилдан ортиқ вақтдан бери Таиланд ва Камбоджа 817 км узунликдаги ер чегарасининг аниқ белгиланмаган нуқталарида ҳудудий даъволар билан тортишиб келади. Бу турли йилларда тўқнашувларга, шу жумладан 2011 йилда бир ҳафта давом этган артиллерия алмашинуви пайтида ўнлаб қурбонларга олиб келган. 2024 йил май ойида камбоджалик аскар отишма пайтида ҳалок бўлганидан сўнг кескинлик яна кучайди ва бу дипломатик инқирозга, энди эса тўлиқ қуролли тўқнашувларга олиб келди.