Осиё ўйинлари. Ўзбекистон 10-олтин медални қўлга киритди

Спорт

−

image

Бугун, 27 сентябрь куни Япониянинг Айчи-Нагоя шаҳарларида ўтаётган Осиё ўйинларининг 8-куни доирасидаги баҳслар давом этмоқда. Кун доирасидаги кураш баҳсларида Ўзбекистон делегацияси 2 та олтин ва 1 бронза медалга эга чиқди.

Аёллар ўртасида -57 кг вазн тоифасида иштирок этган Ибодатхон Ағожонова финал баҳсида Хитой Тайпейи вакили Ван Ван-Тинг Лини мағлуб этиб, олтин медаль соҳиби бўлди.

Эркаклар ўртасида +90 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Шоҳруххон Бахтиёров ҳам Осиё ўйинлари чемпионига айланди. Бахтиёров финалда тожикистонлик Шакармамад Мирмамадов устидан ғалаба қозониб, делегация ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшди.

Ушбу вазн тоифасида яна бир ўзбекистонлик спортчи Бекмурод Олтибоев ҳам совриндорлар сафидан жой олди. У ярим финалда Шоҳруххон Бахтиёровга имкониятни бой бериб, мусобақани бронза медаль билан якунлади.

Шу тариқа, Осиё ўйинлари 8-куни доирасидаги баҳсларда ўзбекистонлик курашчилар ҳозирча 2 та олтин ва 1 та бронза медални қўлга киритди.

Ҳозирга келиб Ўзбекистон делегациясининг Осиё ўйинларидаги жами медаллар сони 37 тага (10 та олтин, 17 та кумуш ва 10 та бронза) етди. Айни дамда Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 4-ўринда бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё ўйинларида олтин медаль олган ўзбекистонлик спортчиларга 25 000 АҚШ доллари миқдорда пул мукофоти берилиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг