Ошқозон-ичак саратонининг яширин сабаби аниқланди
Саломатлик
−
24 Октябрь 17598 2 дақиқа
Австралиялик олимлар ошқозон-ичак трактида жойлашган асаб тизими ўсимта ривожланишига бевосита таъсир қилиши мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот BMJ Oncology журналида эълон қилинди.
Оливия Ньютон-Жон номидаги Саратон тадқиқотлари институти ҳамда Ла Троба университети Онкология мактаби мутахассислари нейропептид CGRP ва унинг рецептори RAMP1 ошқозон ва йўғон ичак ўсмаларини ўсишини фаоллаштиришини исботлаган.
Тадқиқотни олиб борган доктор Павита Паратаннинг таъкидлашича, ўсимта ичидаги нерв толалари CGRP нейропептидини ўз ичига олиб, унинг ўсишини рағбатлантиради. Шунингдек, ўсимта ҳужайраларининг ўзи ҳам ушбу моддани ишлаб чиқариши аниқланган. Бу эса ўсмаларнинг ривожланиш жараёнида асаб тизими сигналларидан фойдаланиши мумкинлигини англатади. Олиманинг фикрича, айни жараённи тўхтатиш қобилиятига эга дори воситалари ҳозирнинг ўзида мавжуд.
Мазкур дорилар CGRP ва RAMP1’га қаратилган бўлиб, ҳозирда мигренни даволашда қўлланилади. Уларнинг тасдиқланган ва яхши таҳлил қилингани саратонни даволашга тез мослаштириш имконини беради. Генетик муҳандислик ёрдамида ўсимта ҳужайраларидан RAMP1 ретсепторини олиб ташлаш натижасида уларнинг ўсиш қобилияти сезиларли даражада пасайгани қайд этилган.
Тадқиқотнинг катта муаллифи, ONJCRI лабораторияси раҳбари доктор Лиза Мильке саратон ривожланишида асаб тизимининг ўрганилиши янги ва истиқболли йўналиш эканини таъкидлаган. Унга кўра, кейинги босқичда мавжуд мигренга қарши дори воситаларининг ўсмаларга қарши самарадорлиги синовдан ўтказилиши режалаштирилган. Келажакда мутахассислар CGRP ингибиторларини колоректал саратонни даволашнинг стандарт усуллари билан биргаликда клиник синовларга киритишни мўлжалламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳозирги вақтда 3 миллиарддан ортиқ, яъни дунё аҳолисининг тахминан 40 фоизи неврологик касалликлар таъсирида экани ҳақида хабар берган эди.
Моҳичеҳра Қадамова
Live
Барчаси