Ортиқхўжаев журналист ва блогерлар учун коворкинг марказ қуриб бермоқчи
Жамият
−
19 Ноябрь 2020
5818Тошкентда блогерлар ва журналистлар учун Coworking маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.
Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевга Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани бўлими етакчиси бино билан таъминлашини сўраб мурожаат қилди. Ҳоким бунга жавобан, тез орада бино ажратилишини айтиб, қуйидагиларни қўшимча қилди.
“Яна бир нарсани айтиб ўтмоқчи эдим. Нафақат ёшларга, кейинги йилда блогерларга, журналистларга эркин жой қилиб бермоқчимиз. Келиб, хоҳлаганча интернетдан фойдаланиб ишлашлари учун жой қилиб бермоқчимиз. Коворкинг марказ...”
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналист ва блогерлар билан бир неча бор тортишувларга боргани ва сўнгги ҳолат ўтган йилнинг 16 ноябрь куни рўй берганини эсласак, Ортиқхўжаевнинг журналист ва блогер учун бундай майдон ташкил этиш фикри бироз ажабланарли туюлади. Бироқ, танганинг иккинчи тарафи ҳам борки, шаҳар ҳокими журналист ва блогерлар билан муаммоларга дуч келмасиданоқ, 2019 йилнинг июль ойида Тошкентда журналистлар учун алоҳида “Media City” қуриш орзуси борлигини айтганди.
“Авваллари чет элларда кўп бўлар эдик. Шундан буён ниятим борки, биз ҳам “Media City” қуришимиз керак. Яъни ҳамма медиа намояндалари – таҳририятлар бўладими ё блогерлар, сайтларнинг кичик шаҳарчаси бўлиши керак. Улар бир-бирига ҳавас қилиб, тажриба алмашиб ишлаши керак. Дубайда шундай шаҳарчага кириб, ҳавасим келган. Ҳамма нашриёт ва сайтлар бир жойда жойлашган. Мен ҳаммангизни бир жойда, кичик бир шаҳарчада кўришни орзу қиламан”, деган эди Ортиқхўжаев.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев аллақачон шахсий медиа-бизнесига эга. У “Зўр” телеканалининг муассисларидан бири ҳисобланади.