Орзум бор, Тошкентда “Media City” қурамиз – Ортиқхўжаев

Жамият

image

Пойтахт Тошкентда “Media City” қурилади. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга асосланиб хабар бермоқда. 

“Авваллари чет элларда кўп бўлар эдик. Шундан буён ниятим борки, биз ҳам “Media City” қуришимиз керак. Яъни ҳамма медиа намояндалари – таҳририятлар бўладими ё блогерлар, сайтларнинг кичик шаҳарчаси бўлиши керак.  Улар бир-бирига ҳавас қилиб, тажриба алмашиб ишлаши керак. Дубайда шундай шаҳарчага кириб, ҳавасим келган. Ҳамма нашриёт ва сайтлар бир жойда жойлашган. Мен ҳаммангизни бир жойда, кичик бир шаҳарчада кўришни орзу қиламан”, деган Ортиқхўжаев. 

Маълумки, Тошкент шаҳри 2017 йилдан буён катта бунёдкорлик марказига айланди. Пойтахтда “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази қурилишига старт берилди. Шундан сўнг, туманларда city’лар қурилиши бошланди. Бугунгача Тошкентда барпо этилаётган замонавий шаҳарчалар ўз ичига бизнес марказлар, кўп қаватли уйлар, дўкон ва ресторанларни қамрам олаётган эди. Улар орасида бирор медиа ўз шахсий биносини қуриш учун ер олгани йўқ. 

Бугун давлат рўйхатидан ўтган оммавий ахборот воситалари 1700 дан ошди. Уларда минглаб ходимлар фаолият юритиб келмоқда. Бироқ, мамлакатда аксарият оммавий ахборот воситалари ўз биносига эга эмас.  Кўплари “кўчманчи” тамғаси билан гоҳ у бинода, гоҳ бу бинода кун кўриб юрибди. Бунга асосий сабаб эса бинонинг ҳудудий жойлашуви ва ижара миқдори. Замонавий шарт-шароитларга эга ва коммуникация билан таъминланган бинолар ижара ҳақи эндигина иш бошлаган ОАВ тугул, бир неча йиллик тажриба ва даромадга эга баъзи ОАВга ҳам оғирлик қилмоқда. 

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг орзусидаги “Media City”га келсак, у мулкчилик шаклига кўра қандай бўлади, ким қуради, ким эгалик қилади, ё ОАВда ҳам табақаланиш бошланадими... бу каби саволларнинг охири йўқ. Ҳозирча хаёл бўлган “Media City”га кўпи билан қанча ОАВ жойлашиши ҳам маълум эмас. Балки тез кунда Ортиқхўжаев бу борада аниқ маълумот берар. 

Маълумот ўрнида, Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркор сифатида медиага бегона эмас. У “Зўр ТВ” телеканалининг муассисларидан бири ҳисобланади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг