Орбан Трамп нега Украина бўйича музокаралар олиб бормаётганини айтди

Олам

image

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 20 январь куни лавозимга киришгунга қадар хорижий етакчилар билан, жумладан, Украинадаги можаро юзасидан расмий музокаралар олиб бора олмайди. Бу ҳақда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Флоридадаги Мар-а-Лаго мулкида Трамп билан учрашганидан сўнг тушунтириш беришга мажбур бўлди.

Орбан 9 декабрь куни Трамп билан учрашди ва эртаси куни журналистлар Венгрия ҳукумати раҳбаридан унинг музокаралари қандай кечганини сўради.

"Бу музокаралар эмас эди, чунки Трамп ҳали президентлик лавозимини эгалламаган эди. У лавозимига киришса, музокаралар бўлади, аммо ҳозирча бу шунчаки суҳбат эди", деб жавоб берди Бош вазир.

У ўзининг Facebook'даги саҳифасида матбуот билан қисқа суҳбати акс этган видеони жойлаштирди. Орбаннинг тушунтиришича, Америка қонунчилигига кўра, сайланган президент 20 январь куни инаугурация маросимига қадар Қўшма Штатлар номидан ҳеч қандай музокара олиб бориши мумкин эмас.

"У Украинада сулҳ бўйича музокаралар олиб бориш имкониятига эга эмас, чунки АҚШда жуда қаттиқ қонуний қоидалар мавжуд, аммо менимча, у 20 январда лавозимга киришса, бу таъсир ижобий бўлади", дея қўшимча қилди Бош вазир.

Эслатиб ўтамиз, Виктор Орбан 9 декабрь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ва миллиардер Илон Маск билан учрашганди. Мазкур учрашувда АҚШнинг Mиллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Вальс ва Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ҳам иштирок этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Виктор Орбан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг