Операчи Отабек Назиров Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист бўлди
Маданият-санъат
−
25 Январь
4048Ўзбекистон давлат симфоник оркестри опера артисти Отабек Баҳодир ўғли Назиров "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист" фахрий унвони билан мукофотланди. Бу ҳақда бугун, 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони қабул қилинди.
“Ўзининг ёрқин истеъдоди, ижро маҳорати билан ўзбек опера санъатини ва миллий маданиятимизни ривожлантириш, унинг шон-шуҳратини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси, халқаро миқёсда ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш, халқимизни жаҳон мумтоз мусиқасидан баҳраманд этиш, ёшларнинг санъат оламига қизиқиши ва меҳрини ошириш, уларни Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ибратли ишлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун Назиров Отабек Баҳодир ўғлига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист" фахрий унвони берилсин”, дейилади фармонда.
Маълумот учун, Отабек Назиров 1999 йил 3 октябрда Хоразм вилоятининг Хива туманида санъаткор оиласида туғилган. У болалигида 5-сонли мусиқа мактабида, кейинчалик эса Урганч шаҳридаги санъат коллежида таҳсил олган. Отабек Назиров таълимни Ўзбекистон давлат консерваториясида Академик хонандалик йўналишида давом эттирган. Консерваторияни тамомлагач, Назиров Ўзбекистон давлат симфоник оркестрида етакчи солист сифатида иш бошлайди. У ўтган йили М.И. Глинка номидаги XXVII халқаро вокал танловида ғалаба қозонган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан хонанда Озода Нурсаидова, Алибек Кабдураҳманов ва Дилноза Ортиқова Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвонини олганди.
LiveБарчаси
28 Январь