“Open budget”: Фарғона шаҳрида овоз бериш вақтинча чекланди

Жамият

image

“Ташаббусли бюджет”нинг овоз бериш босқичида Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳри иштироки вақтинчалик чекланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2026-йилги 2-мавсуми доирасида фуқаролар томонидан жами 23 551 та лойиҳа келиб тушган бўлиб, шулардан 20 254 таси ишчи комиссиялар томонидан саралаш босқичидан овоз бериш босқичига ўтказилган.

Маълум бўлишича, Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида айрим лойиҳалар ишчи комиссия томонидан асоссиз равишда рад этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ваколатли орган) томонидан лойиҳаларни амалдаги қонунчиликда белгиланган мезонларга асосан қайта кўриб чиқиш юзасидан сўров юборилган бўлса-да, Фарғона шаҳри ишчи комиссияси томонидан лойиҳалар қайта кўриб чиқилиши таъминланмаган.

Шу муносабат билан, ишчи комиссия томонидан лойиҳалар амалдаги мезонларга мувофиқ қайта кўриб чиқилмагунга қадар Фарғона шаҳрида  лойиҳаларга овоз бериш босқичи вақтинчалик чекланади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 июлидан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2026 йилги иккинчи мавсуми бошланган эди. 

Бунда:

  • 15 июлдан 3 августгача – лойиҳаларни киритиш;
  • 4-18 август кунлари – лойиҳаларни саралаш;
  • 19-21 август кунлари – тарғибот босқичи;
  • 22-31 август кунлари – овоз бериш босқичи;
  • 1-10 сентябрь кунлари – қўшимча ғолибларни эълон қилиш босқичи ўтказилади.

Анъанавий овоз бериш босқичи якунларига кўра ғолиб лойиҳалар 1 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами куни эълон қилинади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг