Опасини ўлдириб, жасадни 7 кун балконда сақлаган йигит жазоланди
3-саҳифа
−
12 Июль 12172 2 дақиқа
Тошкент вилояти Чиноз туманида опасини пичоқлаб ўлдирган йигитга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Қайд этилишича, марҳума аёл 2 фарзанди билан ажрашиб, қизлик уйида онаси ва укаси билан яшаган. Кредит сабабли опа-ука ўртасида жанжал келиб чиққан.
“Отамиз бўлмаган. Опам асабий эди. Кўпинча у даражагача бормай ярашиб кетардик. Охирги марта кредитга пул тўламай ўтказиб юборавераётганди. Мен пул ўтказдим”, дейди судланувчи.
Маълум бўлишича, марҳума жанжалдан кейин укасининг хонасига пичоқ билан кириб, қўлидан жароҳатлаган. Қонни кўриб, ўзини ёқотган ука опасига 60 марта пичоқ урган. Олган жароҳатлари оқибатида аёл воқеа жойида вафот этган. Ука эса опасининг мурдасини гиламга ўраб, балконга чиқариб қўйган.
Марҳуманинг онаси даъвоси йўқлигини, қизи доимий жанжаллар қилиб келганини маълум қилган.
“Қилган ишимдан жуда пушаймонман. Шу пайтгача бир биримизни қучоқламаганмиз ҳам. Аямга кўпинча жиннихонага кўрсатайлик, дердим. Аям шарманда бўламиз, қўй, деб юраверарди. Ана энди қанақа шарманда бўлдик?”, дейди йигит.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят Чиноз туман суди судланувчини Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж” банди билан айбли деб топиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида ўзаро жанжал оқибатида келинини пичоқлаб ўлдирган қайнота 7 йилга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси